Ўзбекистон | 16:48 / 27.12.2018
8209
6 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани комплекс ривожлантирилади

Фото: Wikipedia

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланиши мумкин:

Яккабоғ туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари;

саноат йўналишида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

қишлоқ хўжалиги йўналишида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

туризм ва хизмат кўрсатиш йўналишида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, маданият объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

қишлоқ хўжалиги соҳасида ер майдонларидан оқилона фойдаланиш ва ирригация тизимини яхшилаш бўйича манзилли дастур.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (Рўзиев) тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда:

Дастурдаги кўрсаткичлардан келиб чиққан ҳолда тармоқ жадвалларини бир ой муддатда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича назарда тутилган ишларнинг тасдиқланган параметрларга мувофиқ жадал бажарилишини таъминлаш юзасидан зарур чоралар кўради.

Дастур параметрларининг бажарилишини таъминлаш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланиши мумкин.

Ишчи гуруҳ (Рўзиев):

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Дастурда назарда тутилган:

чора-тадбирларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини таҳлил қилиб боради ва мувофиқлаштиради;

барча параметрлар бўйича мониторинг олиб борилишини ташкил этади ва ҳар ойда тизимли равишда муаммоли масалаларни кўриб чиқади, уларни ҳал этиш юзасидан тезкор ва амалий чоралар кўради;

зарурат бўлганда, тайёрланган ва белгиланган тартибда келишилган лойиҳа ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда Дастурга тегишли ўзгартиришлар киритади.

“Ўзқурилишматериаллари” АЖ (Зарипов), Қашқадарё вилояти ҳокимлиги (Рўзиев) тегишли тижорат банклари ва лойиҳа ташаббускорлари билан биргаликда 2019 йилда Яккабоғ туманида пишиқ ғишт ишлаб чиқариш бўйича 10 та лойиҳани амалга оширилишини таъминлайди;

ушбу лойиҳаларга бириктирилган тижорат банклари лойиҳаларнинг ижтимоий аҳамиятини инобатга олган ҳолда ўрнатилган тартибда имтиёзли асосларда кредитлар ажратади;

Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси (Исламов) ўрнатилган тартибда ушбу лойиҳалар учун тегишли конлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияларнинг расмийлаштирилишини таъминлайди.

Маданият вазирлиги (Сайфуллаев), Ўзбекистон ёшлар иттифоқи (Қуронбоев ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси (Аққулов), Қурилиш вазирлиги (Тўхтаев) билан биргаликда Яккабоғ тумани Хўжаилғор қишлоғидаги “Амир Темур туғилган юрт” рамзий мажмуасини ташкил қилиш ҳамда ёш авлодни ватанпарварлик ва миллий қадриятларни тарғиб қилиш масканига айлантириш концепциясини ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди.

Тижорат банкларига Дастурга киритилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, республикада ишлаб чиқарилмайдиган асбоб-ускуналар ва уларга бутловчи буюмларни харид қилиш учун белгиланган тартибда кредитлар, шу жумладан чет эл валютасидаги кредитлар ажратиш тавсия этилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантиришда уларга мазкур дастурда қайд этилган лойиҳаларнинг киритилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги Дастурга киритилган объектлар лойиҳа-смета ҳужжатларининг сифатли давлат экспертизасидан ўтказилишини ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун тегишли рухсатномалар Давлат хизматлари марказлари орқали қонунчиликда белгиланган муддатларда берилишини таъминлайди.

“Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Дастур доирасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи ишлаб чиқариш корхоналарини табиий газ ва электр узатиш тармоқларига ўз вақтида уланишини ҳамда уларга мавжуд ресурс ва техник имкониятлардан келиб чиқиб, табиий газ ва электр энергияси ўрнатилган тартибда етказиб берилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурини шакллантиришда ушбу қарорда назарда тутилган марказлаштирилган манбалар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, шу жумладан ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича лойиҳаларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини шакллантириш ва молиялаштиришнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисида” 2017 йил 18 декабрдаги ПҚ-3437-сон қарорига мувофиқ, жамғарма кузатув кенгашининг ижобий қарорига асосан белгиланган тартибда киритилишини таъминлайди.

Қашқадарё вилояти (Рўзиев) ва Яккабоғ тумани (Донаев) ҳокимликлари ҳар чорак якуни билан ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар кесимида Дастурдаги тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши бўйича лойиҳа ташаббускорлари фаолиятининг натижадорлиги юзасидан вилоят ва туман фаоллари йиғилишларида муҳокама қиладилар ҳамда амалга оширилган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб борадилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид