Жаҳон | 18:46 / 29.12.2018
3690
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британияда мингдан ортиқ киши империя орденлари билан мукофотланди

Фото: Hannah Mckay / Reuters

Буюк Британияда янги йил муносабати билан мамлакат олдидаги алоҳида хизматлари учун империя ордени билан мукофотланганлар номи эълон қилинди. Ҳукумат расмий сайтига жойланган совриндорлар рўйхати 1148 кишини ўз ичига олади.

Мукофот тайинлашда 2017 йилда мамлакатда кузатилган терактлар вақтида хизмат кўрсатган фавқулодда ҳолатлар соҳаси ходимларига алоҳида эътибор қаратилган, улардан жами 43 кишининг номи рўйхатда қайд этилган.

Сиёсатчилардан консерваторлар Жон Редвуд ва Гэрри Стритер, шунингдек лейборист Алан Кэмпбелл эътирофга сазовор бўлган. Актёрлар орасидан Жим Картер ва Майкл Пейлин, актрисалар Тэнди Ньютон ва Софи Оконедони рўйхатда учратиш мумкин. Шулар қаторида кинорежиссёр Кристофер Нолан ҳам бор.

Спорт соҳаси вакилларидан Англия термаси бош мураббийи Гарет Саутгейтга жамоани ЖЧ-2018да ярим финалга олиб чиқа олгани учун Британия империяси ордени офицери унвони берилган. Терма жамоа сардори, «Тоттенҳэм» ҳужумчиси Ҳарри Кейн эса Британия империяси ордени кавалери деб эълон қилинди. У ушбу мундиалда 6та гол уриб, энг яхши тўпурар учун бериладиган «Олтин бутса» совринини қўлга киритган эди.

Унвон соҳиби сифатида эътироф этилганларнинг 47 фоизини (544 нафар) аёллар ташкил этади. Бу – 2013 йилдан кейинги энг паст кўрсаткич. Рўйхатга киритилган 12 фоиз шахслар этник жиҳатдан камчилик вакиллари бўлса, 4 фоизи ногиронлиги бор инсонлардир.

Маълумот учун, Буюк Британия империяси ордени 1917 йилда қиролича Елизавета II’нинг бобоси – қирол Георг V томонидан таъсис этилган. Мукофот қуйидагича кетма-кетликдаги бешта даражани ўз ичига олади: кавалер, офицер, командор, рицарь-командор, катта хоч рицари.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид