18:00 / 29.12.2018
36760

Сурхондарёда бош вазирнинг топшириғи нега бажарилмаяпти?

Фото: Ўзпахтасаноат

Сурхондарё вилояти, Узун тумани «Агромониторинг маркази» ходимлари Kun.uz таҳририятига мактуб йўллаб, 21 059 981 (йигирма бир миллон эллик тўққиз минг саксон бир) сўмлик иш ҳақлари саккиз ойдан буён тўлаб берилиши пайсалга солинаётганига жамоатчилик эътиборини қаратишда ёрдам сўраган.

Мактубда баён қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги, АТБ «Агробанк» республика бошқаруви ва «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти  «Агромониторинг маркази» МЧЖ ходимларининг 2018 йил йил 1 апрелигача иш ҳақидан бўлган қарздорликларни хатловдан ўтказиб, тўлиқ тўлаб берилишини таъминлашлари лозим бўлган. Бу ҳақида 2018 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири раисилигида ўтказилган қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича Республика комиссияси йиғилишида тегишли топшириқлар берилган бўлса-да, баённоманинг 2.5-банди ижросини бажариш шу кунга қадар ортга суриб келинмоқда.  

Жамият ходимлари (жами 5 нафар) Ўзбекистон президентининг Халқ қабулхонаси, Ўзбекистон бош вазири, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон бош прокурори, «Ўзпахтасаноат» АЖ, Сурхондарё вилояти Бандлик бош бошқармаси, Сурхондарё вилояти прокуратураси, Узун туман прокуратурасига муаммо юзасидан йўллаган мурожаатлари натижасиз қолмоқда.

Ваҳоланки, Молия вазирлигининг жавоб хатида «Агромониторинг марказлари пахта тозалаш корхоналари, дон маҳсулот корхоналари, нефть корхоналари «Ўзагролизинг» АЖ ва «Ўзагросервис» АЖ тизими корхоналари таъсисчилигида ташкил этилганини ҳисобга олиб, Молия вазирлиги, «Ўзпахтасаноат» акционерлик жамиятидан «Агромониторинг маркази» МЧЖнинг иш ҳақидан бўлган қарздорлигини тўлаб бериш чораларини кўриш сўралган.  

Вилоят прокуратураси томонидан аниқлик киритилишича, Узун тумани «Агромониторинг маркази» МЧЖ АТ «Агробанк» Узун туман филиалида 2017 йил 2 мартда ҳисоб рақамини очиб ўз фаолиятини юрита бошлаган. 2017 йил давомида Узун тумани «Агромониторинг маркази» МЧЖнинг ҳисоб рақамига жами

29,1 млн сўм маблағ келиб тушган. Шундан фермер хўжаликларининг имтиёзли кредит ресурс маблағлари ҳисобидан 20,9 млн, «ЎЗГАЗЛИЗИНГ» АЖдан 3,7 млн, «Термиз нефть» УКдан 2 млн сўм, Узун туман МТПдан 2,5 млн сўм пул маблағлари устав фондини шакллантириш учун тушган. Бироқ, иш ҳақини ундиришга оид бирор амалий чоралар кўрилмаган.

Маълум бўлишича, Сурхондарё вилояти Молия бошқармаси, вилоят «Агробанк» АТБ ва вилоят «Ўзпахтасаноат» АЖга бош вазир томонидан 2018 йил 17 апрелда тасдиқланган баённомани ижро қилиш учун тегишлилиги бўйича республика идоралари томонидан бирор кўрсатма ёки топшириқ берилмаган. Шу  сабабли, «Агромониторинг маркази» МЧЖнинг иш ҳақидан қарздорлигини бартараф этиш чоралари кўрилмай қолган.

Шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ва Давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳисоб-китоб жамғармаси директори томонидан қишлоқ хўжалиги корхоналарига 2017 йил пахта ҳосилининг 1 тоннасини етиштириш харажатларини молиялаштириш учун ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларининг энг кам миқдори юзасидан тасдиқланган тавсияда февраль ойидан август ойигача «Агромониторинг марказ» МЧЖнинг кўрсатган хизматлари учун 1 тонна пахта хомашёсини етиштириш харажатларининг фоизи ажратилиши кўрсатилган.

Бироқ, 2018 йил учун ажратиладиган имтиёзли кредит маблағларининг энг кўп миқдори юзасидан тавсияда «Агромониторинг марказ» МЧЖга ажратиладиган улуш кўрсатилмагани натижасида иш ҳақи берилмасдан қолган.  

Сурхондарё вилояти, Узун туман прокуратурасининг жавоб хатида ҳам аниқланган ҳолатларга кўра, бош вазир томонидан тасдиқланган баённома ижросини бажариш масъул идоралар томонидан амалга оширилмай, иш ҳақидан мавжуд бўлган қарздорлик бўйича маблағлар «Агромониторинг маркази» МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берилмагани, шу боис  жамиятнинг ишчи-хизматчилари иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари бугунга қадар тўлаб берилмагани айтилган.

Қўлимиздаги мурожаатга «Агромониторинг марказ» ишчи ходимларининг ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги (2018 йил март ойидаги) ҳисоботи ва мониторинг маркази МЧЖнинг штат жадвали (2017 йил 17 февралдаги) ҳам илова қилинган.

Юқорида баён этилган ҳолатлардан келиб чиқиб, тез орада «Агромониторинг марказ» ходимларининг иш ҳақлари масъуллар томонидан ундириб берилиши, бош вазир томонидан тасдиқланган баённоманинг тегишли бандида кўрсатилган талаблар қонун доирасида бажарилишига умид қиламиз.

М.Эшмирзаева.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top