11:17 / 30.12.2018
17264

Тошкентдаги яна икки туман ҳокими лавозимга расман тасдиқланди

Халқ депутатлари Яккасарой ва Учтепа туман кенгашларининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Сессияларда ташкилий масала кўрилди.

Яккасарой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Шамуратов ва Учтепа тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Шуҳрат Атамуҳамедов ҳоким этиб тайинланди.

Бахтиёр Абдувоҳидович Шомуродов 

Бахтиёр Абдувахитович Шомуродов 2018 йилнинг октябрь ойи бошида Яккасарой тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. У Чилонзор тумани ҳокимлигига ўтказилган Сарвар Тошматович Маҳаметов ўрнини эгаллаганди.

Маълумот учун, Бахтиёр Шомуродов 1978 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. 1999 йил Тошкент давлат аграр университети ва 2002 йил Солиқ академиясини тамомлаган. 2017-2018 йилларда - Сергели тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари, 2018 йил - Тошкент шаҳар Туризмни ривожлантириш департаменти директори бўлиб ишлаганди.

Шуҳрат Махамадназимович Атамухамедов

2016 йил февралидан буён «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директори сифатида ишлаб келган Шуҳрат Махамадназимович Атамуҳамедов жорий йилнинг 12 май куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманига ҳоким этиб тайинланганди. У жорий йилнинг 18 апрель куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига ўтказилган Шавкатбек Эргашев ўрнини эгаллаганди.

Шуҳрат Атамухамедов 1975 йил Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент электротехника алоқа институти ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. «Ўзбекистон почтаси» АЖ бош директори лавозимидан аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари ахборот-таҳлил департаменти Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масалалари шўъбасининг мудири бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 7 июлида Тошкент шаҳридаги барча туманлар ҳокимлари бир кунда ишдан олиниб, вазифани бажарувчи сифатида лавозимга қайта тайинланганди. Декабрь ойи охирида шаҳардаги туманлар ҳокимлари бирин-кетин лавозимларига расман тайинлана бошланди.

Top