Ўзбекистон | 11:51 / 05.01.2019
44399
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк янги банкка лицензия берди

Фото: Марказий банк

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви 2018 йил 29 декабрда “Пойтахт банк” акциядорлик жамиятига (Тошкент шаҳри) банк операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бундай номдаги банк пайдо бўлиши ҳақида 2017 йилда хабарлар тарқалганди. Ўшанда бу акциядорлик тижорат уй-жой-қурилиш жамғарма банки бўлиши ҳақида маълумот берилганди.

«Пойтахт банк» фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлади:

аҳоли ва юридик шахсларнинг уй-жойга бўлган талабларини қондириш борасида уларга ипотека кредити бериш ва банк хизматини кўрсатиш;

арзон кўп квартирали уйларни қурувчи пудрат ташкилотларига кредит ресурсларини тақдим этиш;

арзон кўп квартирали уйларни лойиҳалаштириш ва қуриш борасида буюртмачи вазифасини бажариш;

Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларни қуриш ва таъмирлашни амалга оширувчи ихтисослашган пудрат ташкилотларини кредитлаш ва лизинг хизматлари кўрсатиш;

хорижий инвестициялар, шу жумладан, заёмлар ҳамда арзон кўп квартирали уйларни қуришни молиялаштириш учун халқаро молиявий институтларнинг техник кўмагини жалб этиш;

инвестиция фаолиятини, жумладан муҳандислик инфратузилмасини сифат жиҳатдан яхшилашни назарда тутувчи ишланмалар ва лойиҳаларни молиялаштиришни амалга ошириш;

замонавий, тежамли, энергия тежовчи ва талаб этилган қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарувчи ташкилотларни кредитлаш;

универсал тижорат банки сифатида юридик ва жисмоний шахсларга бошқа банк хизматларини кўрсатиш.

«Пойтахт банк»нинг устав капитали бошланғич ҳисса тариқасида Тошкент маҳаллий бюджетидан 3 млрд сўм жалб қилиш, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар, жумладан хорижий инвесторларнинг маблағларини жалб этишни инобатга олган ҳолда камида 10 млн евро эквивалентида шакллантирилиши мумкин.

Мавзуга оид