Ўзбекистон | 09:52 / 07.01.2019
7439
5 дақиқада ўқилади

Давлат божхона хизмати органларида «фронт-офис» фаолияти ташкил этилади

Фото: Norma.uz

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларида “фронт-офис” фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги вақтинчалик низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, “фронт-офис” фаолияти ҳудудий бошқармаларнинг божхона постларида иш ҳажмидан келиб чиқиб ташкил этилади. “Фронт-офис” хизматчилари иш ҳажмидан келиб чиқиб, ҳудудий бошқарма бошлиғининг топшириғига мувофиқ бир ҳудудий бошқарма доирасида бошқа “фронт-офис”га жалб қилиниши мумкин.

“Фронт-офис” харажатлари, шу жумладан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалари асосида жалб қилинган шахсларга ҳақ тўлаш, уларни ўқитиш, малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар махсус жамғарма ҳисобидан амалга оширилади.

“Фронт-офис” хизматлари улар жойлашган манзилларда, ТИФ иштирокчисининг мурожаатларига мувофиқ амалга оширилади.

“Фронт-офис” хизматчиларининг ТИФ иштирокчилари билан муносабатлари мазкур оммавий оферта асосида амалга оширилади.

“Фронт-офис”ларнинг фаолияти устидан назорат ҳудудий бошқармалар, умумий назорат ДБҚнинг соҳавий бошқармалари томонидан олиб борилади.

“Фронт-офис”га шахсларни жалб қилиш ҳудудий бошқармаларнинг Кадрлар бўлими томонидан амалга оширилади. “Фронт-офис”га шахсларни жалб қилиш мақсадида, ДБҚнинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ДБҚ расмий веб-сайтида эълон берилади.

Номзодга қўйиладиган талаблар:

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши;

ўрта махсус ёхуд олий таълим муассасаларининг дипломига эга бўлиши;

божхона қонунчилигига оид билимларга ва уларни амалиётга қўллаш, шунингдек, ташкилий техникалар (компьютер, сканер, принтер ва бошқалар) билан ишлаш кўникмаларига эга бўлиши;

юклатилган мажбуриятларни бажаришга қодир бўлиши;

божхона ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидан салбий асослар билан бўшатилмаган бўлиши.

“Фронт-офис”да ишлаш истагини билдирган номзодлар ҳудудий бошқармаларга ариза билан мурожаат этадилар.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

паспорт нусхаси;

номзоднинг соғлигини тасдиқловчи 086/у шаклдаги тиббий маълумотнома;

наркология ва руҳий-асаб касалликлари диспансерлари томонидан берилган маълумотномалар;

охирги иш жойидан тавсиянома;

ўрта махсус ёхуд олий таълим муассасаларининг дипломи.

Номзодлардан келиб тушган ариза ва бошқа ҳужжатлар Кадрлар бўлими томонидан 5 кун муддатда ўрганиб чиқилади.

Кадрлар бўлими томонидан аризаларни кўриб чиқиш натижаси бўйича тўпланган ҳужжатлар 1 кун муддатда комиссиясига тақдим этилади. Номзодлар билан суҳбат ўтказиш куни комиссия томонидан белгиланади.

Номзодлар Кадрлар бўлими томонидан суҳбат ўтказиш куни тўғрисида камида 3 кун олдин хабардор қилиниши лозим.

Комиссия томонидан номзод мазкур Низом билан тасдиқланган талабларга мос келганда ишга жалб қилиш, мос келмаганда ишга жалб қилишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинади. Комиссия қарори баённома шаклида расмийлаштирилади.

Комиссия қарори асосида номзод билан ҳудудий бошқарма ўртасида 2 нусхада шартнома тузилади.

Шартноманинг бир нусхаси ҳудудий бошқарманинг Молия-иқтисодиёт бўлимида сақланади, иккинчи нусхаси “фронт-офис” хизматчисига тақдим этилади.

Мазкур шартнома ҳудудий бошқармалар ва “фронт-офис” хизматчилари ўртасидаги муносабатларни тартибга солади.

Шартномани бекор қилиниши ҳудудий бошқармаларнинг Кадрлар бўлими томонидан амалга оширилади

“Фронт-офис”ларга жалб қилинган хизматчилар билан қўйидаги ҳолларда шартнома бекор қилинади:

тарафларнинг ташаббуси билан;

шартнома шартлари бажарилмаганда;

ўқув курслари якуни бўйича хизматчи имтиҳондан ўтмаганида;

белгиланган иш ҳажми асоссиз бажарилмаганда;

товарларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказиш билан боғлиқ ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг моддалари бўйича божхона тўловлари ундирилишига таъсир қилган божхона ҳуқуқбузарликларини содир этгани муносабати билан бир йил ичида икки маротаба жавобгарликка тортилганда;

оғир, ўта оғир ёки хизмат вазифаларини бажариш жараёнида жиноят содир этганлиги учун унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид