Жаҳон | 09:27 / 07.01.2019
7006
2 дақиқада ўқилади

Мадуро Венесуэла парламентининг янги раҳбарини АҚШ жосуси деб атади

Фото: РИА Новости / Сергей Гунеев

Венесуэла президенти Николас Мадуро мухолифат назоратидаги мамлакат парламенти – Миллий ассамблеянинг янги раҳбари Хуан Гуаидони АҚШ жосуси деб атади.

Гуаидо парламент раиси лавозимини бир неча кун аввал бажаришга киришди. Ҳозирда Миллий ассамблея Венесуэлада сиёсий қарорларни қабул қилиш тизимидан истисно қилинган, унинг ўрнига Мадуро ҳукуматга тўлиқ бўйсунувчи Миллий таъсис йиғинини чақиртирган.

“У АҚШ разведка идоралари томонидан яратилган қўғирчоқ, америкалик жосус, айнан улар уни бошқарадилар”, деб айтган Мадуро давлат телевидениеси эфирида.

Аввалроқ таркибига Американинг 12 та давлати кирувчи “Лима гуруҳи” давлатлари Мадуронинг янги президентлик муддатининг қонунийлигини тан олмасликларини айтишган ва Мадуродан янги президент сайловлари ўтказилишини, унгача эса ҳокимиятни парламентга беришни талаб қилишган. Мадуро май ойидаги сайловлар натижаларига кўра ғолиб бўлган, бироқ унинг бу ғалабасини кўплаб давлатлар тан олмаган. Мадуронинг янги президентлик муддати 10 январда бошланиб, 2025 йилгача давом этади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид