11:57 / 07.01.2019
62005

Навоийда 100 гектарга яқин иссиқхоналардаги бодрингни совуқ уриб кетди

Kun.uz таҳририятига тадбиркорлардан навбатдаги мурожаат Навоий вилояти Кармана туманидан келиб тушди.

«Иссиқхоналаримизда етиштирилаётган бодрингни ҳали ҳосилга кирмасидан совуқ уриб кетди. Сабаби, совуқ кунлар тушганда «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ томонидан ўз вақтида иссиқлик етказиб берилмади. 100 гектарга яқин майдонга экилган бодринг ниҳоллари увол бўлди. Кўплаб тадбиркорлар катта зарар кўрди», – дейилади мурожаатда.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Кармана туманида иссиқхона ташкил қилган ва бу йил экилган ниҳолларини совуқ уриб, катта зарар кўрган тадбиркорлар билан суҳбатлашдик.

«Бу йил деҳқончилигимиз катта зарар кўрди. Иссиқлик энергияси вақтида берилмади ва иссиқхонага экилган бодрингларни совуқ уриб кетди. Қайтадан экишга мажбур бўлдик. Аммо қайта экиндан ҳам ҳосил олишимиз даргумон. Сабаби, иссиқлик етказиб беришда муаммолар бор. Бир гектарга эккандик. Кўп харажат қилгандик. Ҳаммаси зое кетди», — дейди «Шаҳнозабегим» МЧЖ раҳбари Шаҳноза Каримова.

«2009 йилда 9 гектар майдонга иссиқхона ташкил қилганман. Бу йил 7 гектарга бодринг эккан эдим. Афсуски, совуқ уриб кетгани учун барча харажатларга куйдим. Қайта экишга ҳам имконимиз қолмади. Ҳар йили 30–40 кишини иш билан таъминлаб, яхши маош берардик. Бу йил «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ томонидан иссиқлик энергияси вақтида берилмади. Ҳосилга куйдик, ишчиларга жавоб бериб юбордик», — дейди «Марзияхоним» МЧЖ раҳбари Шафоат Нуриллаева.

Бир неча иссиқхона эгалари билан суҳбатлашганимизда ҳам барчаси шу мазмундаги эътирозларини баён қилди.

Уларнинг эътирозлари қанчалик ҳақли? 100 гектарга яқин ер майдонига экилган иссиқхоналардаги бодринг ниҳолларини совуқ уриб кетишида ким айбдор?

Шу каби саволларга жавоб олиш учун мутасадди раҳбарлар билан учрашдик.

Дастлаб «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ бош директори Қаҳрамон Ғаниев билан суҳбатлашдик.

«Ҳақиқатан ҳам 2009 йилда Кармана туманида 150 гектардан ортиқ ер майдонига иссиқхоналар қурилган. Ушбу иссиқхоналар корхонамиз томонидан доимо қўллаб-қувватланган. «Навоий ИЭС» АЖ Низомига мувофиқ жамиятимизнинг асосий мақсади электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга реализация қилиш орқали фойда кўришдир. Аммо 2012–2013 йилларда иссиқхоналар сони янада кўпайди. Шунингдек, асосий истеъмолчилар бўлган Навоий шаҳри ҳам кенгайиб, аҳоли сони янада ортди. Шу сабабли «Навоий ИЭС» АЖ барча истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришга қуввати етмай қолди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 декабрдаги «Табиий монополиялар субъектлари томонидан мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчиларга товарларни сотиш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишнни тартибга солиш тўғрисида»ги қарори бор. Унга кўра, мажбурий хизмат кўрсатилиши лозим бўлган Навоий шаҳридаги истеъмолчиларга иссиқлик электр энергияси етказиб берилмоқда.

Бу йил иссиқлик энергияси билан таъминлай олмаслигимиз ҳақида тадбиркорларга 2018 йил 31 март куни огоҳлантириш хатлари берилган. Аммо улар огоҳлантириш хатини эътиборсиз қолдириб, зарур чораларни кўрмаган. Иссиқлик энергияси билан таъминлаш учун муқобил манбаларни ташкил этмаган. Шундай бўлса-да, айни вақтда техник имкониятлардан келиб чиқиб, иссиқхоналарнинг 30 фоизини иссиқлик энергияси билан таъминламоқдамиз. Келгусида иссиқхоналардаги ҳосилларни совуқ урмаслиги, муаммо бўлмаслиги учун иссиқхоналарда муқобил иссиқлик таъминоти қурилиши керак», — дейди «Навоий ИЭС» АЖ бош директори Қ.Ғаниев.

Тақдим этилган ҳужжатлар билан танишар эканмиз, тадбиркорлар ҳақиқатан ҳам бу ҳақида «Навоий ИЭС»нинг 2018 йил 31 март кунидаги хати билан огоҳлантирилган.

Шундай бўлса-да, қатор мурожаатлардан кейин «Навоий ИЭС» АЖ тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида зарур чораларни кўрган. Тадбиркорлар томонидан «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ ташкил этилган. Ушбу МЧЖ ва «Навоий ИЭС» АЖ ўртасида шартнома тузилган. Унга кўра, «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ «Навоий ИЭС» АЖдан иссиқлик энергияси харид қилиб, тадбиркорларга етказиб беради. «Навоий ИЭС» АЖ фақат 150 гектар иссиқхонанинг 30 фоизи учун иссиқлик энергияси ажратиб беради. Шу мақсадда мавжуд қувурлар талаб даражасида бўлмагани учун «Навоий ИЭС» АЖ «Навоий кон металлургия комбинати» ДКнинг ДУ-920 мм.лик қувурини вақтинча фойдаланиш учун ижарага олган.

Аммо «Навоий ИЭС» АЖ иссиқхоналарнинг 30 фоизига иссиқлик энергияси етказиб беради. Бу 51 гектарни ташкил қилади. «Иссиқлик таъминоти» МЧЖ эса бу иссиқлик энергиясини 150 гектар иссиқхонага тарқатади. Шу туфайли айрим иссиқхоналарга етарлича иссиқлик етиб бормайди. Етиб борганда ҳам етарлича иситолмайди. Айнан шу жараёнда иссиқхоналарни иссиқлик энергияси билан таъминлашда муаммо бўлмоқда.

«Иссиқлик таъминоти» МЧЖ раҳбаридан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Ушбу масала юзасидан Кармана тумани ҳокими Фахриддин Умаров билан ҳам суҳбатлашдик.

Маълум бўлишича, Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг 2017 йил 9 сентябрдаги қарорининг 3-бандига асосан иссиқхоналар иссиқлик таъминотидан узилган.

«2017-2018 йилларда куз-қиш мавсумида Навоий шаҳар ҳудудидаги иссиқхоналарни ва 2018-2019 йилларда Кармана тумани ҳудудидаги иссиқхоналарни муқобил энергия тармоғига ўтказиш чоралари кўрилсин», дея белгиланган.

Туман ҳокимининг айтишича, тумандаги иссиқхоналар эгалари белгиланган тартибда огоҳлантирилган бўлса-да, зарур чораларни кўрмаган.

Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов билан учрашувимиз чоғида вилоят раҳбари ҳам бу масалада ўз фикрларини айтиб ўтди:

«Кармана туманидаги иссиқхоналар илгари «Навоий ИЭС» АЖ тизимга уланган эди. Иссиқлик электр таъминотидан узилиши ҳақида барчаси бир неча марта огоҳлантирилган. Бу масала бўйича улар кўп жойга мурожаат қилди. Биз бир йил аввал Навоий шаҳридаги мавжуд иссихоналарни иссиқлик энергияси таъминотидан уздик. Бу йил эса Кармана туманидаги иссиқхоналарда шу жараён бўлди. Айни вақтда чорасини кўриб, тумандаги иссиқхоналарнинг 30 фоизини иссиқлик энергияси билан таъминлаяпмиз. Аммо келгусида барибир узилади. Тадбиркорлар узоқни ўйлаб, замонавий технологиялар асосида муқобил иссиқлик таъминоти манбаларини қуриши керак».

Ўрганишимиз давомида ҳолат бўйича саволларнинг барчасига етарлича жавоб олдик. Муаммонинг ечимини мутасаддилар асослаб берди. Энди тадбиркорлар ҳам зарар кўриб қолмаслик учун тавсия этилганидек муқобил иссиқлик таъминоти манбаларини қуриши лозим бўлади. Шунда бу каби низоли вазиятлар юзага келмайди.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top