Kun.uz таҳририятига тадбиркорлардан навбатдаги мурожаат Навоий вилояти Кармана туманидан келиб тушди.
«Иссиқхоналаримизда етиштирилаётган бодрингни ҳали ҳосилга кирмасидан совуқ уриб кетди. Сабаби, совуқ кунлар тушганда «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ томонидан ўз вақтида иссиқлик етказиб берилмади. 100 гектарга яқин майдонга экилган бодринг ниҳоллари увол бўлди. Кўплаб тадбиркорлар катта зарар кўрди», – дейилади мурожаатда.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Кармана туманида иссиқхона ташкил қилган ва бу йил экилган ниҳолларини совуқ уриб, катта зарар кўрган тадбиркорлар билан суҳбатлашдик.

«Бу йил деҳқончилигимиз катта зарар кўрди. Иссиқлик энергияси вақтида берилмади ва иссиқхонага экилган бодрингларни совуқ уриб кетди. Қайтадан экишга мажбур бўлдик. Аммо қайта экиндан ҳам ҳосил олишимиз даргумон. Сабаби, иссиқлик етказиб беришда муаммолар бор. Бир гектарга эккандик. Кўп харажат қилгандик. Ҳаммаси зое кетди», — дейди «Шаҳнозабегим» МЧЖ раҳбари Шаҳноза Каримова.

«2009 йилда 9 гектар майдонга иссиқхона ташкил қилганман. Бу йил 7 гектарга бодринг эккан эдим. Афсуски, совуқ уриб кетгани учун барча харажатларга куйдим. Қайта экишга ҳам имконимиз қолмади. Ҳар йили 30–40 кишини иш билан таъминлаб, яхши маош берардик. Бу йил «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ томонидан иссиқлик энергияси вақтида берилмади. Ҳосилга куйдик, ишчиларга жавоб бериб юбордик», — дейди «Марзияхоним» МЧЖ раҳбари Шафоат Нуриллаева.
Бир неча иссиқхона эгалари билан суҳбатлашганимизда ҳам барчаси шу мазмундаги эътирозларини баён қилди.
Уларнинг эътирозлари қанчалик ҳақли? 100 гектарга яқин ер майдонига экилган иссиқхоналардаги бодринг ниҳолларини совуқ уриб кетишида ким айбдор?
Шу каби саволларга жавоб олиш учун мутасадди раҳбарлар билан учрашдик.
Дастлаб «Навоий иссиқлик электр станцияси» АЖ бош директори Қаҳрамон Ғаниев билан суҳбатлашдик.
«Ҳақиқатан ҳам 2009 йилда Кармана туманида 150 гектардан ортиқ ер майдонига иссиқхоналар қурилган. Ушбу иссиқхоналар корхонамиз томонидан доимо қўллаб-қувватланган. «Навоий ИЭС» АЖ Низомига мувофиқ жамиятимизнинг асосий мақсади электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга реализация қилиш орқали фойда кўришдир. Аммо 2012–2013 йилларда иссиқхоналар сони янада кўпайди. Шунингдек, асосий истеъмолчилар бўлган Навоий шаҳри ҳам кенгайиб, аҳоли сони янада ортди. Шу сабабли «Навоий ИЭС» АЖ барча истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб беришга қуввати етмай қолди.



















