18:20 / 13.01.2019
12756

Бугунги ўйинлар: Сульшер учун жиддий имтиҳон, Месси юбилей арафасида

Фото: Squawka

13 январь куни Европа яшил майдонларида бир қатор катта ўйинлар бўлиб ўтади.

13 январь, якшанба
«Тоттенҳэм» – «Манчестер Юнайтед». 21.30. «Уэмбли» стадиони.
«Барселона» – «Эйбар». 22.30. «Камп Ноу» стадиони.
«Бетис» – «Реал». 00.45. «Бенито Вильямарин» стадиони.
«Марсель» – «Монако». 01.00. «Велодром» стадиони.

Сульшер йўлида Кейн

Оле Гуннер Сульшер «Манчестер Юнайтед» мухлисларига ўзини севдира олди. Унинг «қизил иблислар» бошқарувида ажойиб дебют қайд этди. Жозе Моуриньо «Ливерпуль»га мағлуб бўлингач, истеъфога чиқарилганидан кейин вақтинчалик бош мураббий сифтида тайинланган норвегиялик мутахассис қаторасига 5 ўйинда ғалаба қозонди (АПЛ доирасида «Кардифф» 5:1, «Ҳаддерсфилд» 3:1, «Борнмут» 4:1, «Ньюкасл» 2:0 ҳисобида мағлуб этилди, шунингдек, жамоа Англия Кубогида «Рединг»дан 2:0 ҳисобида устун келиб, кейинги босқичга ўтди).

Энди у ва жамоани жиддий синов кутмоқда. АПЛнинг бу туридаги марказий учрашуви «Уэмбли» стадионида «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасида кечади. 

Ёзги трансферлар чоғида битта ҳам янги футболчи харид қилмаган «Тоттенҳэм» мавсумни яхши ўтказмоқда ва кучли учликда бормоқда. 

Маурисио Почеттино бу ўйинда жамоанинг асосий таянч яримҳимоячиси Эрик Дайер, ҳужумкор яримҳимоячи Лукас Моура, стоппер Мусса Дембеле, ҳимоячи Ян Фертонген хизматларидан фойдалана олмайди. Аммо манчестерликлар дарвозасига Ҳарри Кейн доимий равишда таҳдид солиб туриши мумкин. Сешанба оқшомида Англия Лигаси Кубоги ярим финалида «Челси» дарвозасига пенальтидан гол урган Ҳарри Кейн жорий мавсумда барча турнирлар доирасида урган голлари сонини 20тага етказди ва «Тоттенҳэм»нинг қаторасига 5 мавсум давомида камида 20тадан гол урган илк футболчисига айланди. Қолаверса, у қаторасига 6 ўйинда голда иштирок этиш орқали ўз шахсий рекордини яхшилади. У 160 гол билан лондонликлар клуби тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди. Қолаверса, агар у бугун ҳам гол урса, АПЛнинг жорий мавсумида тўпурарлар пойгасида яккапешқадам бўлиб олади, ҳозирча у АПЛ ўйинларида «Арсенал» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг ва «Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ каби 14тадан гол урган.

Биринчи даврада «Тоттенҳэм» «Олд Траффорд»да «МЮ»ни йирик ҳисобда мағлуб этган (3:0), Кейн бир гол урган ва бир голга ҳаммуаллифлик қилганди. Сульшер бундан яхши хабардор ва биринчи навбатда уни қўриқлашга жиддий эътибор қаратади. Норвегиялик мураббий ўйиндан аввалги матбуот анжуманида Маркус Рэшфорд ҳам Кейн даражасидаги ҳужумчига айлана олиши мумкинлиги ҳақида гапирди. Англиялик ёш ҳужумчи ҳам жуда яхши спорт формасида, у жамоасининг охирги 5 ўйинида 3та гол урди ва 2 голга узатма берди. Бугун Англиядаги бош ўйингоҳдаги ўйин зерикарли бўлмаслиги кафолатланади.

Леога гол керак, «Реал»га ғалаба

Испания якшанба оқшомида тарихий воқеани кутмоқда - бугун Лионель Месси Ла Лига ўйинларидаги 400-голини уриши мумкин. «Барселона» охирги 5 ўйинида дуранг қайд этган «Эйбар»га қарши майдонга тушади. Бу жамоалар ўртасида шу вақтгача 8та ўйин ўтказилган, Лео бу ўйинларда жами 12та гол урган. Аргентиналик футболчи бу жамоага 3 марта дубль қайд этган, ўтган мавсумда «Камп Ноу»да кечиб, мезбонларнинг 6:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйинда эса покер қайд этганди. 

«Барса» устози Эрнесто Вальверде жамоа сардори 400 голлик довонни тезроқ забт этишига умид билдирди ва унга олдиндаги учрашувда омад тилади.

Каталониядагилар байрамга ҳозирланаётган бўлишса, Мадриддагилар ўтган ҳафтада юбилей голга гувоҳ бўлишганди. Серхио Рамос Испания Кубоги доирасида «Леганес»га қарши кечган ўйинда (3:0) «Реал» сафидаги голлари сонини 100тага етказганди. Бу ғалаба «Қироллик клуби»га инқироздан чиқиш учун яна бир умид бахш этганди. 

Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан қайтганидан кейин Сантьяго Солари жамоаси Ла Лига доирасидаги 2 ўйинда бир очко олди («Вильярреал»га қарши ўйинда 2:2 ҳисобида дуранг, «Реал Сосьедад» билан ўйинда 0:2 ҳисобидаги мағлубият). Қолаверса, бу ўйинларда Гарет Бэйл жароҳат олди. Агар «Бетис» ҳам очко йўқотмаганида (охирги 3 учрашувда 2 очко), бу жамоа аллақачон мадридликларни олтинчи ўринга тушириб юборган бўларди. Бу турда айнан «Бетис» «Реал»ни қабул қилади.

Қишки трансферлар вақтида мексикалик вундеркинд Лайнес билан таркибни кучайтирган мезбонлар «Реал» учун жиддий синовдир. Шу билан бирга, агар бу ўйинда ғалабага эришса, мадридликлар кучли тўртликка кириб олиши мумкин, айни вақтда тўртинчи ўринда жойлашган «Алавес» бу турда «Жирона»га қарши ўйинда очко йўқотди (1:1).

Инқироздаги жамоалар тўқнашуви

Францияда дисквалификация барча турнирларга тааллуқли бўлади. Шу туфайли, «Монако»нинг 4 ўйинга четлаштирилган россиялик легионери Александр Головин муддатни ўтаб бўлди. У якшанба куни «Марсель»га қарши кечадиган ўйинга заявка қилинган. Унинг йўқлигида монегаскликлар жамоаси Франция кубогида ярим финалга чиқди ва айни вақтда ғолиблик учун асосий даъвогар бўлиб турибди. Кубок ўйинларида жамоада янги харидлардан бири Нальдо муваффақиятли дебют қилди. Жамоа Сеск Фабрегас ва Венкерни ўз сафига қўшиб олган, август ойида жароҳат туфайли сафдан чиққан Рони Лопеш ҳам сафга қайтган. Аммо бу ҳали «Монако»ни аутсайдер мақомидан қутқара олмайди. Жамоа чемпионатдаги ҳолатни ҳам яхшилаши керак.

«Марсель» айни вақтда иккинчи ўриндаги «Лион»дан 5 очко кам жамғарган ҳолда учинчи ўринда бормоқда. Лекин Руди Гарсия шогирдлари ноябрь ойи охиридан буён ғалаба нелигини билмаяпти. Ўтган вақт ичида марселликлар Франция Чемпионатида 3 ўйин ўтказиб, 2 очко олишди. Шунингдек, Европа Лигаси ҳамда Франция Лигаси Кубогини тарк этишди. 2019 йил эса Франция Кубоги доирасида тўртинчи дивизион вакилидан шармандали мағлубиятни қабул қилиб олиш билан бошланди.

Қайси клубдаги инқироз чуқурроқ? Статистика «Монако»ни фаворит сифатида кўрсатмоқда. Князлик жамоаси 2015 йил майидан буён «Велодром» ўйингоҳида мағлубиятга учрамаган. Марселдаги ўйинлар голларга бой бўлгани билан эътиборлидир: 3:3, 4:1, 4:3, 2:2... 

Бу сафар қандай ҳисоб қайд этилишини тез орада билиб оламиз. Отасининг дафн маросимига кетгани учун ўйинда иштирок эта олмайдиган Радамель Фалькао йўқлиги натижага қанчалик таъсир кўрсатади?

Top