Спорт | 20:14
826
3 дақиқада ўқилади

Анчелотти етакчи, Каннаваро кучли бешликда. ЖЧ-2026’нинг энг кўп маош олувчи мураббийлари

Бразилия терма жамоаси устози Карло Анчелотти 2026 йилги Жаҳон чемпионатида ишлайдиган энг қиммат мураббий. Италиялик мутахассиснинг йиллик даромади 10 млн еврога тенг. Кучли учликдан Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагелсман (7 млн евро) ҳамда АҚШ терма жамоасини бошқараётган Маурисио Почеттино (6 млн евро) ҳам жой олган. Умумий рейтингда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро бешинчи ўринга жойлаштирилган. 

Фото: carloancelotti.it / Getty Images / AFP

Finance Football нашри Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаварони 2026 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этаётган мураббийлар орасида энг юқори маош олувчилар қаторига киритди

Рейтингни Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Карло Анчелотти бошқариб турибди. Италиялик мураббийнинг йиллик даромади 10 миллион еврога тенг. Иккинчи ўринни Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагелсман эгаллаган бўлиб, унинг маоши йилига 7 миллион еврони ташкил этади. АҚШ терма жамоасини бошқараётган Маурисио Почеттино эса 6 миллион евро билан учинчи ўринда қайд этилган. Англия терма жамоаси бош мураббийи Томас Тухел йилига 5,8 миллион евро ишлаб топади. 

Finance Football  Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаварони бешинчи ўринга жойлаштирган. Италиялик мутахассиснинг даромади 4 миллион евро эканлиги қайд этилган. Бу кўрсаткич Португалия терма жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинесники билан тенг.

Каннаваро йиллик даромад бўйича бир қатор кучли терма жамоаларнинг номдор мураббийларини ҳам ортда қолдирган. Хусусан, Диде Дешам (Франция, 3,8 млн евро), Роналд Куман (Нидерландия, 3 млн евро), Марсело Биелса (Уругвай, 3 млн евро), Хулен Лопетеги (Қатар, 2,4 млн евро), Лионел Скалони (Аргентина, 2,3 млм евро), Луис де ла Фуэнте (Испания, 2 млн евро) каби мураббийлар италиялик мутахассисдан камроқ маош олишади.

ЎФА ва Каннаваронинг изоҳи

Фабио Каннаваронинг маоши ҳақидаги хабарлар 2025 йилнинг октябрь ойида ҳам шов-шувларга сабаб бўлганди. Ўша пайтда «Спорт-Экспресс» нашри ўз манбаларига таяниб италиялик мутахассиснинг даромади мураббийлар штаби харажатлари билан қўшиб ҳисоблаганда 4 миллион евро атрофида бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Шундан сўнг вазиятга ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов қуйидагича изоҳ берганди.  

«Ҳозир матбуотда маош ҳақида кўп гап-сўзлар пайдо бўлди: кимдир 4 миллион, кимдир бошқа суммаларни ёзмоқда. Аслида бу ярмининг ярми ҳам эмас. Агар Ўзбекистон футбол ассоциациясида шундай молиявий имкониятлар бўлганида, биз умуман бошқача йўл тутган бўлардик. Аммо биз реал ресурсларимиздан келиб чиқиб, энг мақбул вариантни танладик», — деганди у.

Фабио Каннаваронинг ўзи ҳам 4 миллион евролик маош ҳақидаги гапларни кескин рад этган. Мутахассис Ўзбекистонга келишини Жаҳон чемпионатига мураббий сифатида бориш имконияти пайдо бўлгани билан боғланган.

Каннаваронинг фаолияти

Каннаваро аввал Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд», Саудия Арабистонининг «Ал-Наср», Италиянинг «Беневенто» ва «Удинезе», шунингдек, 2025 йилнинг апрел ойидан бошлаб  уч ой Загребнинг «Динамо» жамоасига устозлик қилган. Мураббий сифатида у 2019 йилда «Гуанчжоу Эвергранд» билан Хитой чемпионатида ғалаба қозонганини ҳисобга олмаганда, ҳали сезиларли ютуқларга эриша олмаган.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид