Икки ҳафталик танаффусдан кейин бугун, 2 ноябрь сешанба оқшомида Чемпионлар лигаси 4-тур баҳсларига старт берилади. Европа қишки вақтга ўтгани сабабли баҳсларни яна бир соат кўпроқ кутишимизга тўғри келади. Турнинг дастлабки кунги ўйинлар рўйхатидан бир қатор эътиборли қарама-қаршиликлар ўрин олган. Қуйида тўртта гуруҳдаги вазият, тахминий таркиблар ва ўйинлар анонси билан таништириб ўтамиз.

Бу турда қайси жамоалар плей-оффга йўлланма олиши мумкин?

Чемпионлар лигаси 4-тур учрашувларида бир йўла бешта клуб гуруҳ босқичи якунланишидан икки тур аввал 1/8 финалга йўлланма олиш имкониятига эга. Турнирнинг энг сермаҳсул клуби «Бавария» кетма-кет бу ўйинда ҳам «Бенфика»ни мағлубиятга учратса, гуруҳдан чиқиш вазифасини бажаради. Шунингдек, 4-турдаги 3 очко «Ливерпуль», «Зальцбург» ва «Ювентус»га ҳам нимчоракфинал йўлланмасини тақдим этади. Шунингдек, «Аякс» Дортмунднинг «Боруссия» клубидан бу турда ҳам устун келса, кейинги босқич масаласини ҳал этади.

Фото: ФК «Зенит»

Сульшер учун яна бир синов

Антонио Контенинг «Тоттенҳэм» бош мураббийига айлангани «Аталанта» билан баҳс олдидан «Манчестер Юнайтед» бош мураббийи Сульшерга нафасни ростлаш имконини берган бўлса ажабмас. Ўтган бир ҳафта давомида жуда кучли босим ва танқидлар остида қолган норвегиялик мураббий ўрнини айнан Контега бўшатиб беришга яқин эди. Аммо унга уч ўйинлик имконият берилгани ва улардан дастлабкисида «Тоттенҳэм» устидан эришилган ғалабадан сўнг иккинчи синов ЕЧЛ доирасида «Аталанта»га қарши ўтади. Бергамодаги учрашувда ҳам Сульшер Лондондаги ғалабали ўйиндаги услуб ва таркибдан фойдаланиши мумкин. Оле-Гуннар бу ҳақда ўйиндан олдинги матбуот анжуманида айтиб ўтди. «Олд Траффорд»даги баҳсда Гасперини шогирдлари 2:0 ҳисобидаги ғалабани якунда йўқотганини (2:3) инобатга олсак, Бергамода мезбонлар аламли мағлубият учун реваншга интилишларини кутиш мумкин.

«Барса» Киевда Кумансиз ҳам 3 очко оладими?

«Динамо»га қарши кечадиган ўйин олдидан ўтган ҳафтада «Барселона» бош мураббийи Роналд Куман истеъфога чиқарилди. Бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Серхи Бархуан қўл остида каталонияликлар «Алавес» билан дуранг (1:1) қайд этишга улгуришди. Украинада навбатдаги очколар йўқотилиши «Барса»ни қийин вазиятга тушириши мумкин.

Мезбонлар учун ҳам «Барселона» билан ўйин ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мағлубият – катта эҳтимол билан «Динамо»ни баҳорги еврокубоклардан мосуво этади. Аммо «Барса»даги ҳозирги вазият ва таркибда Жерар Пике, Серхио Агуэро ва Педрининг йўқлиги киевликларга очко олиш имконини яратиши мумкин.