Ўзбекистон | 18:43 / 18.01.2019
14038
7 дақиқада ўқилади

Ўқитувчи мактабда ўқувчиларга этикани ўргатишни таклиф қилмоқда

Бошланғич синфда бола хотирасида кўпроқ маълумотлар сақланиб қолади, муҳим ҳаётий кўникмалар осон ўзлаштирилади. Бу даврда уларни ўқиш ва билим олишдан чалғитувчи воситалар нисбатан камроқ бўлади. Шу сабабли бошланғич таълимда асосий эътиборни бутун давр давомида асқотадиган билим ва кўникмаларни шакллантиришга қаратиш мақсадга мувофиқ. 

Дейлик, ўқувчига дид-фаросат, тартиб-интизом, ўзини тутиш. Фавқулодда ҳолатларда тўғри ҳаракатланиш, ҳаёт хавфсизлиги, ижтимоий муносабатларни тўғри шакллантириш ва муносиб мулоқот юритиш каби кўникмаларни бир неча йўналишларга ажратган ҳолда синфдан ташқари машғулотларда сингдириб бориш катта аҳамият касб этади, деб ёзади Балиқчи туманидаги 6-мактаб ўқитувчиси​ Шоира Мирзаева «Маърифат» газетасида эълон қилинган мақоласида​.

Имзо қўйиш. Имзо — инсон умри давомида турли ҳужжатларда унинг розилиги, истак-хоҳиши белгиси сифатида қўйиладиган «муҳр». У шунчаки ёзув ёки тасдиқ белгиси эмас, балки инсоннинг шахси, саводхонлик даражаси, дид-фаросатини намойиш этади. Бошланғич синфдаёқ қандай қилиб имзо чекиш бўйича дастлабки машғулотлар ўтказилса, кейинчалик имзони ўзгартириш ёки ундан уялиш каби ҳолатларга дуч келинмайди. Ҳар бир ўқувчи ўз имзоси намуналарини ишлаб чиқади ҳамда устозлари ва ота-онаси билан маслаҳатлашган ҳолда улардан бирини танлайди.

Расмга тушиш. Баъзи кишилар паспорт ёки бошқа расмий ҳужжатлардаги ёки шунчаки эсдалик учун тушган расмларини кўришни унча хушламайди. Бутун умрга эсдалик бўлгани ёки ўзгартириш имкони йўқлиги учун ҳам улардан воз кеча олмаймиз. Ваҳоланки, бошқа мамлакат фуқаролари ҳатто расмий ҳужжатларга ҳам истаган ҳолатида, жилмайиб суратга тушади.

Қўшиқ айтиш. Ҳаммамиз мусиқа дарсларида турли қўшиқларни ёд олганмиз, биргаликда куйлаганмиз. Лекин негадир барчамиз айта оладиган биргаликда куйлайдиган қўшиқларимиз йўқ ҳисоб. Бу, айниқса, хориж сафарларига чиққанда яққол сезилади. Қайси мавзу, қайси йўналишда бўлишидан қатъий назар, қўшиқ айта олмайман, дея уялмасдан, ўз овоз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда жўровоз қўшиқ айта олиш миллат вакилларини жипслаштиришга ёрдам беради.

Сузиш. Истиқомат қиладиган жойимизда табиий ёки сунъий сузиш ҳавзалари бўлиш-бўлмасидан қатъий назар, фарзандларимиз яхши суза олиши, тўғри келганда бошқаларнинг ҳаётини қутқара олиши керак. Сув ҳавзалари мавжуд бўлмаган ҳудудларда ҳеч бўлмаса ҳаво билан тўлдириб шиширилувчи сунъий ҳовузчалар орқали сузишни ўргатиш мумкин.

Бу борада махсус дастур қабул қилса ҳам бўлади. Чунки болалар ва катталарнинг сув ҳавзаларида чўкиб, ҳаётдан кўз юмиш ҳолатлари тез-тез содир бўлиб туради.

Этика қоидалари. Ҳаёт давомида турли тадбир, тўй-тантана, зиёфат ва қабулларда иштирок этади. Бундай пайтда ўзини тўғри тутиши, овқатланиш, суҳбатларга аралашиши қоидаларини болаликда ўзлаштириши мақсадга мувофиқ. Тўғри, оила даврасида, катталар билан ўтирганда бу каби қоидалар ўргатилади, аммо этика қоидалари комплекс равишда, турли қизиқарли машғулотлар орқали ўргатилса, келгусида фақат фойда келтиради.

Кийим танлаш. Либос ҳам инсоннинг шахси, ижтимоий даражаси, дид-фаросати ва бошқа шахсий хусусиятлари тўғрисида маълумот беради. Болаликдан қайси тур ва рангдаги кийимлар бир-бирига мос келиши, бўй, вазн ва бошқа индивидуал хусусиятларга кўра, шунингдек, бориладиган жойнинг турига кўра кийим танлаш ўргатилса, ўқувчига бутун умр давомида асқатади.

Хат, табрик ва тилаклар ёзиш. Замонавий дунёда ахборот алмашиш кескин тезлашди. Хат-хабар жўнатишда вақт ва макон каби тушунчалар моҳиятини йўқотди. Биргина хабарчани ёзиш ҳамда жўнатиш тугмасини босиш билан у манзилга, ўз эгасининг қўлига етиб боради. Муаммо уларни тўғри ва бехато ёзишда қолади, холос. Назаримда, ҳар бир киши хат ва табрик ёзишда ўз услубига эга бўлиши керак. Бугун ўқувчи-ёшларнинг ўзаро ёзишмаларида тоқат қилиш қийин бўлган даражада кўплаб имло хатоларини, табрик ва дил сўзларини ёзишдан эриниб, расмли жўнатмаларни «копи-паст» қилиб юбориш каби ҳолатларни учратамиз. Бу нафақат тилга, миллатга, балки хат ва табрикларни жўнатаётган кишиларга нисбатан ҳам ҳурматсизликдир. Бошланғич синфда болалар ўгит ва маслаҳатларга қулоқ тутиши, гапга кириши осонроқ бўлади. Саводи эндигина шаклланиб, сўзларни сўзларга қўшаётган вақтда кичик хат ва табриклар ёзишни биргаликда машқ қилиш орқали бугун аксарият муккасидан кетган саводсизлик, хато ва камчиликларга чек қўйиш мумкин.

Телефонда гаплашиш қоидалари. Болаликда бу борадаги кўникмаларни тўғри шакллантириш, қўнғироқ қилиш, саломлашиш, суҳбатлашиш қоидаларини ўргатиш, бошқаларни ҳурмат қилиш, вақтини олмаслик кабилар ўргатилиши зарур. Жумладан, телефон қилган одам биринчи бўлиб салом бериши, ўзини таништириши, мақсад-муддаосини айтиши, қўнғироққа жавоб бўлмаса, кетма-кет телефон қилавермаслиги зарурлиги одатга айлантирилиши керак.

Нотиқлик. Тадбирлар, байрамлар, йиғилишлар, давра суҳбатлари — ҳаётимизнинг бир қисми. Давраларда сизга сўз берилса, чўчиб кетасиз, нима дейишни билмай, шошилиб қоласиз. Ҳаяжонингиз титраётган қўлларингиздан сезилиб қолади. Ҳар бир инсон ўз фикри, тилак ва истаклари, муносабати, нуқтаи назарини омма олдида дадил айта олиши керак. Қолаверса, оммавий ахборот воситаларида интервью беришнинг ҳам уддасидан чиқишимиз лозим. Тўғри, ҳаяжон, қўрқув ва ҳадик ҳаммада бўлади. Аммо буларни машғулотлар, кичик давралар, мактабда уюштирилувчи тадбирлар орқали йўқотиш, нотиқлик кўникмаларини шакллантириш мумкин. Муҳими, ўқувчида ўзига ишончни уйғота олишда.

Шахсий гигиена. Бадан, либос, уй-жой, нарса-буюмлар тозалиги — саломатлик ва яхши кайфият гарови. Улар кишининг ташриф қоғози ҳам. Кир-чир, бадбўй одамдан ҳамма ўзини тортади. Болалар бутун умри давомида тоза ва озода юриш энг муҳим масалалардан бири эканлигини билишлари, тоза юришга одатланишлари лозим. Мактабларда эса уларга қандай қилиб тоза юриш, бадан, либос ва буюмларни озода тутиш қоидалари ўргатилиши фойдадан холи бўлмайди.

Кўпчилик умри давомида шундай камчиликлардан азият чекади. Бола шахс сифатида шаклланаётган даврда шу каби оддий, аммо аҳамиятли кўникмаларни шакллантириш фақатгина фойдага хизмат қилади.

Мавзуга оид