Ўзбекистон | 11:30 / 18.01.2019
17318
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги умуммиллий ҳаракат ташкил этилди 

Ўзбекистон Республикаси президенти “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Тараққиёт стратегияси” маркази (раҳбар - Элдор Туляков), Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ва кенг жамоатчиликнинг қуйидаги таклифларига розилик берилди:

а) “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати – нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш (раҳбар - Акмал Бурҳонов);

б) режалаштирилган ислоҳотларни, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларни амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида фуқаролар, хорижда яшаётган ватандошлар ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ихтиёрийлик асосида бирлаштиришни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг асосий вазифаси этиб белгилаш, шу жумладан, қуйидагилар орқали бирлаштириш:

халқ ва бизнес ҳамжамияти билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш;

жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, шунингдек, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг саъй-ҳаракатлари ва кучларини сафарбар этиш;

режалаштирилган, шу жумладан, Давлат дастурида назарда тутилган ислоҳотларнинг амалга оширилиши жараёнини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муҳокама қилишда фаол иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таҳлилий ахборот ва таклифларни мунтазам киритиш;

в) Умуммиллий ҳаракат раҳбарини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан, ҳудудий бўлинмалар раҳбарларини халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари орасидан сайлаш, улар бир вақтнинг ўзида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳукумат қарорини қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ва “Тараққиёт стратегияси” маркази билан биргаликда:

Давлат дастури амалга оширилишининг боришини тизимли мониторинг қилиш, уни сифатли ва ўз вақтида бажариш учун қўшимча чоралар кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

Давлат дастури амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни ҳар ойда умумлаштириш ҳамда якунларини аниқ кўрсаткичлар ва эришилган ижобий ўзгаришларни акс эттирган ҳолда ўз веб-сайтларида жойлаштириш;

мониторинг натижалари тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;

Давлат дастурини амалга ошириш якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларни тайёрлаш, уларни хорижий тилларда эълон қилиш ва кенг тарқатишни таъминлайди.

Мавзуга оид