12:00 / 18.01.2019
29003

Халқ қабулхоналарига қўшимча вазифалар юкланди

Фото: minjust.uz

Ўзбекистон Республикаси президенти “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжат билан Халқ қабулхоналарига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:

секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;

ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;

маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда иштирок этиш;

ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириш;

давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш;

фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси президентининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги Халқ қабулхоналари мудирлари - Ўзбекистон Республикаси президентининг розилиги билан Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси раҳбари томонидан;

Ўзбекистон Республикаси президентининг туман (шаҳар) Халқ қабулхоналари мудирлари — Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси раҳбари томонидан;

Халқ қабулхоналарининг бошқа ходимлари - Ўзбекистон Республикаси президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Халқ қабулхоналарининг бошқарув ходимлари Ўзбекистон Республикаси президенти Администрациясининг ходимлари ҳисобланади.

Халқ қабулхоналарига қуйидаги қўшимча ҳуқуқлар берилди:

секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, мурожаатлар билан ишлаш, ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фаолиятини тизимли ўрганиш, кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, шунингдек секторлар фаолиятини баҳолашда иштирок этиш;

секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан фаолияти учун зарур бўлган ахборотлар ҳамда ҳужжатларни сўраш ва олиш, уларнинг мутахассисларини жалб қилиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан улар фаолияти ва кўрсатадиган хизматларига оид тартиб-қоидаларнинг аҳолига тўлиқ ва тезкор етказилишини таъминлашга қаратилган чоралар кўриш.

Top