Ўзбекистон | 10:40 / 19.01.2019
228265
13 дақиқада ўқилади

Ҳасан табиб «мутлақ табибми» ёки?.. KUN.UZ суриштируви

Халқ табобати юртимизда узоқ тарихга бориб тақалади. Унинг ривожланиши, шаклланиши учун кўплаб аждодларимиз ўз умрларини бахшида этган. Чунки, табибнинг қўйган ҳар бир ташхиси, муолажа олиб бориш тартиби бир инсоннинг ва унинг атрофидаги яқинларининг тақдирига таъсир кўрсатади.

Сўнгги вақтларда халқ орасида машҳур бўлиб кетган, катта қизиқишлар билдирилаётган шахс бу – Ҳасан табибдир. Бу шахс ижтимоий тармоқлар орқали кўпчиликка маълум. Хўш, аслида у ким ўзи? Одамларнинг пулини шилишни ўзига касб қилиб олган фирибгарми ёки ғайритабиий кучга эга ноёб табибми?

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Ҳасан табиб» «макони»га ташриф

Бундай саволларга жавоб топиш мақсадида Ҳасан табибнинг «муолажаси»да қатнашдик. Андижон вилояти, Шаҳрихон туманига етиб боргунимизгача бу шахс биз учун «Ҳасан табиб» эди. Туманга етиб борганимиздан сўнг, у «Ҳасан домла»га айланди.

Одамлардан Ҳасан домлани сўраб-суриштириб, унинг маконини топиб бордик. Борганимизда одамлар «у киши энди ўқишни бошладилар, кирсанглар улгурасизлар», деб айтишди. Ҳовлига 100 чоғли киши йиғилган эди. Бу вақтда Ҳасан домла қироат қилаётган экан. Йиғилганлар билан суҳбатлашиб кўрдик.

Беморлардан аниқлаганларимиз қуйидагилар:

1) беморлар республиканинг турли чеккаларидан келган (Сурхондарё, Жиззах, ҳаттоки Қорақалпоғистондан ҳам)

2) беморларнинг касалликлари турли хил. Жигар циррози, мия ўсимтаси, бел чурраси, қандли диабет, руҳий хасталиклар, бепуштлик ва ҳоказо.

3) беморларнинг кўпчилиги тиббий даволанишдан умидини узганлар ёки ишонмайдиганлар.

Ташхис ва муолажа

Қироатдан сўнг, Ҳасан домла ўз «сеанс»ларини бошлади. Аввал эски мижозлар бирров текшириларкан (соғайиш жараёни қандай кетаётгани бўйича). Бу муолажа қиммат эмас, атиги 1000 сўм. Кейин ташқарига янги келганлар «саф» тортади. Улар обдон текширилади. Текшириб ташхис қўйилиш жараёнини кўпчилик ижтимоий тармоқларда кўрган бўлса керак. Янгилар учун ташхис тўлови - 5000 сўм. Тажриба мақсадида биз ҳам бу «сеанс»да қатнашдик. Аввалдан тахмин қилганимиздек, бизнинг ҳам бир неча жойларимиз «шум» билан ишлаётган экан (мендан олдинги бемор ҳам, ундан олдинги бемор ҳам ва ундан олдингиси ҳам шундай ҳолатда экан).

Ташхислар қўйилди, энди муолажа ва даволаниш қандай бўлар экан деб қизиқдик. Юқоридаги ташхис учун маълум вақт хандон писта чақишимиз, аввал катта косада, сўнгра кичикроқ пиёлада асал сув ичишимиз лозим экан (барча беморларга бир хилда даволаниш, касалидан қатъи назар).

«Мутлақ табиб» мақоми ва маҳалла даромади

Ҳасан табиб йиғилиб турганларга асал, хандон писта ва қора нўхатни кўчадан ёки бозордан эмас, ён қўшнисидан олишни тавсия қилди. Бунга сабаб сифатида, бу маҳсулотларга шахсан ўзининг назорати ўрнатилганини иддао қилди.

Фаолиятининг қонунийлигини эса ҳаммага қўрқмасдан, баралла айтавериши одамларда шубҳага ўрин қолдирмас экан.

«Сеанс»ларга кириш олдидан дарвоза бошидаги кишиларни саволга тутган бўлдик. Ҳасан табибнинг ихтисослиги қайси йўналишлар эканлигини сўраган эдик, қизиқ жавобга дуч келдик: «Ҳасан табиб «мутлақ табиб» ҳисобланади. У барча касалликларни даволайди».

«Сеанс»лардан қайтиб чиқсак худди ўша одамлар бизга даволаниш учун ётоқ жой таклиф қилишди. Кўпчилик билан ётамиз десангиз, бир киши учун нарх 15 минг сўм атрофида, алоҳида хоналар учун эса 50 мингдан 100 минг сўмгача экан. «Мутлақ табиб» одамларни даволаш билан бирга маҳалла аҳлига ҳам даромад келтираётгани «таҳсинга сазовор».

Мутахассис фикри

«Мутлақ табиб»нинг «муолажа»ларидан сўнг, тиббиёт соҳасида махсус малака ва билимга эга мутахассис, Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси бош координатори Содиқжон Фаттохов билан суҳбатлашдик.

«Ҳозирги кунда касалликни аниқлаб, тўғри ташхис қўйиш учун керакли жиҳозларга эгамиз. Мисол учун, миокард инфаркти учун бемор қон таҳлили, ЭКГ қилинади ва ташхис тасдиқланади. Оддий мисол, сийдик-тош касаллиги асоратларидан бири тош кўчиб қолса буйракларда димланиш бўлади. Қорин девори таъсирланади ва оғриқ кучли бўлади. Даволаш жуда оддий. УЗИ қилинади ва оддий препаратлар айтилади. Спазмлар қўйиб юборилади. Малакали табиблар бундай вақтда нима қилишни билишади. Дарров фарқлай олишади ва шошилинч тарзда шифохонага жўнатади. Уйда олиб ўтирмайди.

Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси бош координатори Содиқжон Фаттохов

Баъзи бир кечиктириб бўлмайдиган касалликлар бор. Мисол учун, инфаркт, инсульт ва шунга ўхшаш бошқа касалликларда дарров шифохонага олиб бориш талаб этилади. Сурункали касалликларда эса маълум бир гиёҳлар билан даволаса бўладиган ҳолатлар бор. Бундай касалликларни илми бор табиблар даволай олишади.

Ҳар битта бемор даволаниш жараёнида индивидуал баҳоланади. Касалликларни даволашда ҳам уларнинг классификацияси турлича. Юқумли касалликларда даволаниш бошқача, нафас олиш тизими яллиғланиши касалликларида даволаниш мутлақо бошқача ҳисобланади. Ҳар бир касаллик бўйича индивидуал ёндашиш зарур. Тиббиётда йўналишларига қараб турли хил шифокорлар мавжуд. Ҳазм қилиш тизими бўйича гастроэнтеролог, юрак-қон томир касалликлари бўйича кардиолог ва ҳоказо. Организм мураккаб тузилган -даволаш ҳам шунга яраша қийин бўлади.

Ҳасан домла ҳақида эшитганмиз. Ўзини «табиб» деб эълон қилган. Унинг даволашлари тиббиёт стандартларига тўғри келмайди. Чунки, даволаш услуби ҳаммага бир хил. У ерга ҳар хил касалликлардаги беморлар боради. Соматик-юқумли, руҳий касалликлар билан борадиган беморлар бор. Масалан, руҳий касалликларга асал тўғри келмайди. Қандли диабетнинг иккита тури мавжуд. Бу икки турида ҳам қонда углевод миқдори ошиб кетади. Асал углеводдан таркиб топган. Демак, бу мутлақ мумкин эмас дегани.

Баъзилар шифо топишмоқда дейишади. Ихлос билан борса, балки маълум гуруҳдагилар сал енгил тортиши мумкиндир. Бу бир ширин сўз билан, ишонч бериш билан ҳам бўлаверади. Лекин, чуқур турдаги касалликларга фойда бермайди.

Лицензия масаласи табибларга Республика Табобат академияси томонидан ҳал этилади. Ҳасан табибнинг эса на гувоҳномаси, на лицензияси бор», дейди шифокор.

«Халқ унга ишонганига ҳайронман». Табобат академияси изоҳи

Тошкентга келиб, бу соҳанинг асл эгалари бўлмиш Халқ табобати академияси раҳбарлари билан учрашдик. Бу даргоҳда бизни академия бошқарув раиси Меҳри Нурузова кутиб олди.

Халқ табобати академияси бошқарув раиси Меҳри Нурузова

«Икки йил олдин бир фан номзоди келди. Мен неварамни икки ой шу Ҳасан табибда даволатдим, дейди. Барака топгур. Сиз фан номзоди, мен фан номзоди. Қандай қилиб бундай жойга икки ойга неварангизни қўйиб қўйдингиз дедим. Айтарли ўзгариш бўлмаган.

Биз 22 йил табобатни юзага чиқарамиз деб куюниб турган вақтимизда бундайлар кўпайиб кетгани одамга алам қилади. Олотда бир табиб чиққан эди. У одам олдин қабр бўлган жойни олиб, ўша жойдаги дарахтнинг атрофида беморларни айлантирар эди. У табибни ўрганиш учун 4 кун ўша жойда бўлдим. Кейин кўрганларимни тегишли жойга етказганимдан сўнг, унга чора кўришди.

Марҳум Муҳаммаджон Ҳамроев (академиянинг собиқ раиси) 1996 йилда бу ташкилотни ташкил этган. У киши соҳага бутун умрини берди. Чунки, бу жуда масъулиятли иш, зиммангизга олганингиздан кейин ишлаш керак. Бу пул учун қилинадиган иш эмас. Ўша табиб пулни топяпти. Энг алам қиладигани ундан кўра, унга ишонаётган халқ айбдор. Бу аҳволга уларнинг савиясизлиги сабаб. Қандай қилиб борган одамнинг бошига қўлини қўйиб саратон дейди? Унга асал берса, яна бошқа нарсалар берса. Бу нима деган гап? Қачонгача бу халқ алданиб юради?

Биз бундайлар орқасидан жуда кўп азоб тортдик. Ҳозиргача шундай илмсизлар минг хил нағма кўрсатиб юришибди. Шу пайтгача қонун йўқ ҳисобда эди. Яъни, рағбатлантириш ҳам йўқ, жавобгарлик ҳам йўқ эди. Бундайлар нима қилса қилиб юраверар эди. Энди бу соҳа ҳам тартибга солинмоқда.

Лицензия масаласида очиқ айтишим мумкин. Шу пайтгача табобатда ҳеч кимга ҳеч қанақа лицензия берилган эмас. Бизда реестр юритилган. Бунинг учун бир неча ҳужжатларни сўраймиз. Биз биринчи бўлиб сўрайдиганимиз – бу инсоннинг илми қанақа?

Доим айтамиз, табиб мижоз таълимотини билиши керак. Таълимотни билган табиб анатомияни билади. Яъни, ҳар бир инсон ўзининг мижозига эга. Ҳаммада бу ҳар хил бўлади.

7-8 ойдан бери ўша жойларда ётган одамлар ҳақида бизда ҳам маълумотлар бор. Қўшнилари ўз уйларини беришаётган экан. Чунки, у ўша ерликларни моддий таъминламоқда. Санитария-гигиения томонидан ўша жойлар талабга жавоб бермайди. Табобат бўлгани билан биз ҳам олдимизга келганлардан жойлари бўйича CанЭпидемМарказнинг хулосасини талаб қиламиз. Тозалик биринчи даражада бўлиши керак. Инфекция бўлган, тозалик бўлмаган жойда қанақа табобат бўлсин? Бир хонада 20 одам ётса, 20 хил инфекция бўлади. Шунингдек, табобатда ҳеч қачон ҳеч ким 300-400 одамни йиғиб олиб ташхис қўйган эмас. Бирма-бир текшириб ташхис қўйган. Табобатда 400-500 одамга қўлини теккизмай ташхис қўйиш эмас. Энг ачинарли жиҳат, халқимиз шунга ишониши, бепарво муносабатда бўлишидир. Шундайлар борки, келиб биздан талаб қилади. Ҳужжат бер, дейди. Мен ҳамма нарсани қиламан, уч кунда саратонни ёки қанд касалини даволайман, дейди. Лекин бу касалликни билмай туриб қандай тузатиш мумкин? Биз 20 йилдан бери бу касалликлар билан ишлаймиз. 20 йилда бу касаллик билан оғриётган 20 хил бемор келди десам, тўғри бўлади. Чунки, ҳаммада касаллик ҳар хил кечади. Бундай касалларга асал бериш мумкин эмас. Шу билан бирга, қандли диабет билан оғриётганларни ҳар куни текшириб туриш керак. Беморнинг ёши, жинси, ҳолати алоҳида текшириб борилади.

Асалнинг шифобахшлиги кўп, лекин бу ҳам ҳаммага турлича таъсир қилади. Асал мижозга қараб истеъмол қилинади. Агар мижоз иссиқ бўлса, совуқ мижозга берган бир ош қошиқ асал унинг бурнидан қон келтириб, иссиқлигини ошириб юбориши мумкин-ку? Ҳайронман, шунча одам кўриб турибди, шунча ҳуқуқшунос қаёққа қараяпти, билмайман.

Масалан, "Уч уйғунлик"  деган китоб. Бунда, тиб, дин ва илоҳият уйғунлиги айтилади. Инсонда аввало иймон бўлиши керак. Иймон бўлмаса унинг руҳини кўтариш мумкин эмас.

Даволашда тан олиш керак, ўқиб даволаш бор. Илоҳий кучга ҳаммамиз ишонамиз, лекин буни бажарадиган ўз одамлари бор. Араб давлатларида шундай мутахассислар мавжуд. Улар ҳақиқий муқаддас Қуръондаги шундай сураларни билишади. Бундай табибларда эса қуруқ гап. Ёмон тарафи, шундайлар сабабли табобатга эртага одамларда ишонч қолмайди. Бизга ишонч қолмайди. Одамни даволаш осон иш эмас, катта билим талаб қилади. Шу ердаги шунча китоб бу бир қисми, холос», дейди академия раиси.

Тажрибали мутахассисларнинг фикрларини тинглаб хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола, албатта. Табибнинг фаолияти қонун доирасидами ёки аксинча? Бу саволга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан аниқлик киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Биз эса аввало, ҳеч қачон соғлиғингизни йўқотманг деб қоламиз.

KUN.UZ халқимизга доимо соғлиқ ва саломатлик тилайди.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид