Жаҳон | 19:39 / 19.01.2019
13963
2 дақиқада ўқилади

Япония ва Кореядан денгизнинг номланиши бўйича келишиб олиш сўралди

Фото: iStock

Халқаро гидрография ташкилоти (IHO) Япония ва Жанубий Кореяни Шарқий (Япон) денгизни қандай аташ бўйича баҳсга нуқта қўйиб, бир тўхтамга келишга чақирди. Япон ОАВ маълум қилишича, IHO тегишли мурожаатни Япония ҳукуматига топширган.

Жанубий ва Шимолий Кореяда ҳам ушбу денгиз Шарқий денгиз, Японияда эса Япон денгизи деб аталади. Сеулнинг фикрича, Токио ХХ аср бошидаги мустамлакачилик сиёсати доирасида ўзига тўғри келадиган номни киритган. Японияда, ўз навбатида, “Япон денгизи” номи европалик хариташунослар томонидан XIX асрдаёқ киритилгани ва у ушбу денгизнинг дунёда энг кенг тарқалган номланиши ҳисобланиши айтилган. Жанубий Корея денгизнинг “Шарқий”га ўзгартирилиши масаласини расман 1992 йилда кўтарган. 

Таъкидлаш жоизки, иккала томон ҳам бошқа давлатлар уларнинг фикрича денгизнинг “нотўғри” номини қўллашларига оғриқли муносабат билдирадилар. Япония ва Жанубий Корея бу баҳсга бошқа давлатларни ҳам аралаштиришга ҳаракат қилиб келади.

Кўринишича, бу баҳслар халқаро ташкилотни безор қилган ва у бу масалада нуқта қўйилишини истамоқда.

Маълум қилинишича, Халқаро гидрография ташкилоти икки давлатдан ушбу баҳсни 2020 йилгача ҳал қилишни талаб қилган. Япония бу масалада музокаралар олиб боришни истамаяпти, бироқ у IHO томонидан қўлланувчи “Япон денгизи” номи муросага келинмаса, ўзгартирилиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Иккала давлатнинг позициялари ҳисобга олинса, улар денгизнинг ўз талқинларига кўра номланишидан тўлиқ воз кечишлари даргумон, шу сабабли денгизга қўш ном – Япон (Шарқий) денгизи ёки Шарқий (Япон) денгизи номи берилиши мумкин. Таъкидланишича, Сеулни бу вариант қониқтиради, бироқ Токио бунга ҳозирча рози бўлмаяпти.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид