18:00 / 20.01.2019
17978

AIBA директори ХОҚни бокс бўйича тезроқ қарор қабул қилишга чақирди

Халқаро ҳаваскорлик бокси уюшмаси (AIBA) ижрочи директори Том Виржетс Халқаро Олимпия қўмитасини (ХОҚ) 2020 йилги Токио Олимпиадаси учун саралаш мусобақалари бўйича якуний қарорни тезроқ қабул қилишга чақирди. Р-Спорт хабарига кўра, у буни кечиктириш тайёрланиш режасини тузиши керак бўлган спортчиларга зарар етказаётганини қайд этиб ўтган.

2018 йилнинг ноябрь ойи охирида Халқаро Олимпия қўмитаси ижроия қўмитаси Токиода 2020 йилда ўтувчи ёзги Олимпиадада бокс мусобақасини ўтказиш бўйича режаларни музлатиб қўйганди. Қарор доирасида AIBA’ни молиялаштириш, чипталар сотиш, квалификация ва саралаш тизимини тасдиқлаш ва татбиқ қилиш тўхтатиб қўйилганди.

Бу қарор Халқаро ҳаваскорлик бокси уюшмасига (AIBA) нисбатан олиб борилаётган тергов ва унинг амалдаги раҳбариятидан норозилик билан боғланганди. Хусусан, ХОҚ AIBA раҳбари лавозимига АҚШ молия вазирлиги санкциялари остига тушган Ғофур Раҳимовнинг сайланганидан норози бўлганди.

«Биз ХОҚ билан ҳамкорлик қилишга ва уларни ташвишлантираётган барча саволларга жавоб беришга тайёрмиз. Биз юзага келган ҳолатни жиддий қабул қиламиз ва ХОҚ қўйган талабларни бажаришга ҳаракат қиламиз.

Биз аввал ҳам тергов комиссиясининг раҳбарига айтганимиздек, учрашув ташкиллаштирилиши ва очиқ тинглов бўлишини кутмоқдамиз. Умид қиламизки, келгусида бу жараён тезлашади. Бугунги кунда боксчиларимиз келажак мавҳумлиги туфайли жабр чекишмоқда, улар қачон, қаерда ва қандай тартибда саралаш ўтказилишини била олишмаяпти. Спортчиларга бундай муносабатда бўлиш тўғри эмас, уларнинг манфаати ҳамиша устувор бўлиши керак», – деган Том Виржетс.

Мавзу
ХОҚ ва AIBA уруши
Халқаро олимпия қўмитаси ўзбекистонлик Ғофур Раҳимов AIBA президенти бўлишини истамаяпти ва бокс спортини олимпиада дастуридан чиқариш билан таҳдид қилмоқда
Барчаси
Top