Жаҳон | 07:39 / 21.01.2019
8969
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги миллиардерлар сони 10 йил ичида 2 баробарга кўпайган

Фото: РИА Новости

Дунёдаги миллиардерлар сони охирги 10 йил ичида деярли 2 баробарга кўпайган ва 2018 йилда 2208 кишига етган, уларнинг бойлиги ҳар куни 2,5 млрд долларга кўпайиб борган. Бундан халқаро хайрия ва гуманитар ташкилот Oxfam’нинг Давосдаги Халқаро иқтисодий форум олдидан тайёрлаган тадқиқотида айтилган.

Ташкилот маълумотларига кўра, бу гуруҳ одамларининг бойлиги ўсиши йилига 900 млрд долларни ташкил қилган ва ҳозирда миллиардерларнинг умумий бойлиги тарихдаги энг кўпи ҳисобланади. Таъкидланишича, 2017 йилдан 2018 йилгача дунёда ҳар икки кунда янги миллиардер пайдо бўлган. 

Шу билан бирга Oxfam хавотирли трендни қайд қилган: дунёнинг 3,8 млрд энг ночор одамларининг молиявий аҳволи ўтган йил ичида мутлақ яхшиланмаган. 

Ташкилот олинган натижаларни таққослаб, дунёнинг энг бой 26 одамининг умумий бойлиги 3,8 млрд энг ночор одамнинг умумий бойлигига тенглиги ҳақидаги хулосага келган. Тадқиқотда таъқидланишича, дунёнинг амалдаги энг бой одами Жефф Безоснинг бойлиги 112 млрд долларгача кўпайган ва бу бойликнинг бир фоизигина 105 млнлик аҳолига эга Эфиопиянинг соғлиқни сақлаш бюджетига тенгдир.

Oxfam (Oxford Committee for Famine Relief) ташкилоти 1942 йилда Оксфордда очарчиликдан азият чекувчиларга ёрдам бериш мақсадида ташкил этилган. Айни вақтда бу хайрия ташкилоти дунёнинг 90 дан кўпроқ давлатида ишловчи 17 та ташкилотдан ташкил топган. Ташкилотнинг мақсади ночорлик муаммолари ва у билан боғлиқ адолатсизликни ҳал қилишдан иборат.

Мавзуга оид