Жаҳон | 14:22
861
3 дақиқада ўқилади

Эпштейн иши: Давосдаги форум раҳбари истеъфога чиқди

Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми раҳбари — бош ижрочи директори Бёрге Бренде форум томонидан унинг америкалик молиячи Жеффри Эпштейн билан эҳтимолий алоқалари бўйича ўтказилган мустақил текширув фонида истеъфога чиқишини билдирди. 

Фото: Harun Ozalp/Anadolu/picture alliance

Эпштейн вояга етмаганларни фоҳишаликка мажбурлашда айбланган, 2019 йилда эса Манҳэттендаги турма камерасида осилган ҳолда топилган. Бу ҳақда 26 феврал, пайшанба куни Reuters агентлиги хабар берди.

АҚШ Адлия вазирлиги аввалроқ Бренде Эпштейн билан уч марта кечки овқатда учрашгани, шунингдек у билан электрон почта орқали мулоқот қилгани ва матнли хабарлар алмашгани ҳақидаги маълумотларни ошкор қилган эди.

«Чуқур ўйлаб кўргандан сўнг, Жаҳон иқтисодий форуми раҳбари ва бош ижрочи директори лавозимидан кетишга қарор қилдим. Бу ерда 8 ярим йил давом этган фаолиятим жуда самарали бўлди», — деди Норвегиянинг собиқ ташқи ишлар вазири. «Ҳамкасблар, ҳамкорлар ва фикрдошларга ажойиб ҳамкорлик учун миннатдорман ва ҳозир форум муҳим ишларини ҳеч қандай чалғитувчи омилларсиз давом эттириши учун муносиб пайт, деб ҳисоблайман», — дея қўшимча қилди у.

Бренде айтишича, у Эпштейн билан 2018 йилда биринчи марта учрашгунча унинг ўтмишидан ва жиноий фаолиятидан бехабар бўлган ва бу масала бўйича етарлича чуқур текширув ўтказмаганидан афсусда эканини билдирган.

ЖИФ ҳамраислари Андре Ҳоффман ва Ларри Финк алоҳида баёнотда Брендега нисбатан мустақил экспертлар ўтказган ташқи текширув якунланганини қайд этди. Унга нисбатан қўшимча шубҳали ҳолатлар аниқланмаган. Алоис Цвингги вақтинчалик раҳбар ва бош ижрочи директор вазифасини бажаради, форум васийлар кенгаши эса раҳбарият алмашинуви жараёнини назорат қилади.

Бёрге Бренде 2017 йилдан бери ЖИФ раҳбари лавозимида ишлаб келган.

Америкалик молиячи Жеффри Эпштейн 2008–2009 йилларда фоҳишаликни ташкил этгани учун жазо ўтаган. У 2019 йил 6 июл куни вояга етмаганларни фоҳишаликка мажбурлаш айби билан ҳибсга олинган, 10 август куни эса судни кутаётган пайтида Манҳэттендаги турма камерасида осилган ҳолда топилган.

2025 йил декабр ойида Эпштейн иши бўйича ҳужжатларнинг биринчи қисми эълон қилинган.

АҚШ Адлия вазирлиги 2026 йил 30 январ куни «Эпштейн файллари»дан яна 3 миллион саҳифадан ортиқ ҳужжат, шунингдек ишга оид 2000 та видеоёзув ва 180 мингта бошқа тасвирни ошкор қилган.

Эпштейн ишига оид аввалроқ эълон қилинган материаллар бир қатор таниқли шахслар билан боғлиқ алоқаларни ҳам кўрсатган — жумладан, Британия шаҳзодаси Эндрю, у шу сабабли ўз унвонидан маҳрум бўлган. Бундан ташқари, JPMorgan банки Эпштейнни кўп йиллар мижоз сифатида хизмат кўрсатгани учун жабрланувчилар билан суддан ташқари келишув доирасида 290 млн доллар тўлаган. АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, иш материалларида 1200 нафардан ортиқ жабрланувчи аниқланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид