Жаҳон | 15:49 / 22.01.2019
27899
2 дақиқада ўқилади

NYT: Трамп бешта ҳолатда Россияга юмшоқ муносабатда бўлди

Фото: Doug Mills/The New York Times

Американинг The New York Times газетаси АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россияга нисбатан бешта хатти-ҳаракатини танлади, улар туфайли 2018 йилда у ўз маъмурияти билан қарама-қаршиликка борган.

Газетанинг аниқлик киритишича, бу ҳаракатлар 2017 йилда ФТБ Трамп Россия агенти сифатида яширин тарзда ҳаракат қилмагани бўйича суриштируви маълум бўлгач, ўзгача аҳамият касб этади. Нашрнинг қайд этишича, яқинда Трамп ўзидан аввалги раҳбарлардан фарқли равишда, Россияга нисбатан «қаттиқроқ» муносабати билан мақтанди. Бироқ, шунга қарамай, АҚШ президенти маъмурияти қандай ҳаракат қилишга урингани фонида Трампнинг ўзи Москвага нисбатан анча юмшоқ позицияни танлади, деб ёзади NYT.

Нашр Америка қўшинларини Суриядан олиб чиқиш, Керч бўғозида Украина кемалари ҳамда денгизчилари қўлга олиниши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан Россияга «юмшоқ жавоб», «Скрипаллар иши» туфайли ўзи хоҳламаган ҳолда санкциялар жорий этиши ва Россия элчиларини чиқариб юбориши, Россиядан киберҳужумлар ва 2016 йилги сайловларга «Россия аралашуви» бўйича тушунарсиз позиция, шунингдек, Москвани АҚШда 2016 ҳамда 2018 йилги сайловларга аралашувда тўғридан-тўғри айблашдан тийилиш, НАТО альянси «ҳимояси»ни алоҳида ажратиб кўрсатди.

Хусусан, маъмуриятдаги юқори лавозимли мулозимларнинг NYT’га хабар беришича, Трамп бир неча бор хусусий суҳбатлар чоғида альянсдан чиқиб кетиш истагини билдирган. Бу Россиянинг Шимолий Атлантика альянсини «заифлаштириш» бўйича хоҳишини мустаҳкамлайди, деб ёзади газета. Трамп, ўз маъмуриятининг расмий позициясидан фарқли ўлароқ, НАТОга ҳам қарши чиқди, дея таъкидланади материалда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Хитой қуролларда устунлик бўйича пойгада АҚШни ортда қолдиргани хабар берилганди.

Мавзуга оид