12:05 / 25.01.2019
19653

Андижонда янги цемент заводи қурилиши бошланди. У ҳам экологияни бузадими?

Иллюстратив фото/ТАСС

Йилига 1,2 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга,  Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги завод қурилиши бошланди. Лойиҳага ётқизилаётган умумий инвестиция қиймати 203,9 миллион долларни ташкил этади. Завод ишга тушгач, 790 киши иш билан таъминланиши режалаштирилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов «Халқ сўзи»га берган интервьюсида гапириб ўтган. 

2018 йил январь-ноябрь ойлари якунига кўра, Тожикистон 1,3 млн тонна цемент экспорт қилди, бу республикада 11 ой давомида ишлаб чиқарилган умумий ҳажмдан 40 фоизини ташкил этади. Тожик цемент экспортининг 738 минг тоннаси Ўзбекистонга йўналтирилган. Умуман таҳлил этганда, Ўзбекистоннинг импорт ҳажми 2018 йилнинг 11 ой натижасига кўра, 36,8 фоизга ошди. 

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида аккредитациядан ўтган Қозоғистоннинг «SAS-Tobe Technologies» корхонаси ҳам ҳар йили 250 минг тонна цементни экспорт қилишни режалаштирмоқда. Шунга мувофиқ, маҳаллий цемент ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш долзарб масалалардан бири сифатида эътироф этилади. 

«Ўзқурилишматериаллари» АЖ маълумотига кўра, Ўзбекистонда 5 йил ичида цемент ишлаб чиқаришни 2 баробарга - йилига 8,5 миллион тоннадан 17 миллион тоннага ошириш режалаштирилган.

Андижон вилоят ҳокимининг Хитойга ташрифи якунида тарқатилган маълумотда цемент заводи Хўжаобод туманида «Анхой Конч цемент» компанияси билан ҳамкорликда қурилиши кўзда тутилаётган айтилганди. 

Шунга қарамай, қурилиш режалаштирилаётган завод бўйича илк расмий маълумот Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 июлдаги қарорида таъкидланганди. 

Қарорга мувофиқ, заводни қуриш ишларида «Zhejiang Shangfeng Building Materials Co. Ltd» (Хитой), «Tunli» (Хитой), «Juydam Ta'mir Qurilish» МЧЖ (Ўзбекистон) каби компаниялар иштирок этади. Уларнинг негизида «Shangfeng-Bridge of Friendship» қўшма корхонаси ташкил этилди.

Аммо Андижон вилоятининг Асака туманида умумий қиймати 3 миллион долларлик, йилига 50 минг тонна цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонаси ишга тушгандан сўнг, маҳаллий аҳоли ва экологияга жиддий хавф пайдо қила бошлади. Айни пайтда янги заводнинг мамлакатда аҳоли энг зич жойлашган вилоят экологиясига қандай таъсир қилиши борасида расмий маълумот йўқ.

Top