Жаҳон | 21:09 / 25.01.2019
11751
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Трампнинг собиқ маслаҳатчиси ҳибсга олинди  

Photo: AP

Флоридада 25 январда Дональд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси ва сайлов кампанияси ташкилотчиларидан бири Рожер Стоун ҳибсга олинди. Бу ҳақда махсус прокурор Роберт Мюллер маълум қилди. 

Айблов хулосасига кўра, Стоунга 7 та банд бўйича айблов қўйилган. Тергов хулосасига кўра, у 5 марта сохта кўрсатмалар берган, конгресс вакиллар палатасининг разведка қўмитаси тергов олиб боришига ғов бўлган ва бошқа гувоҳларга босим ўтказишга ҳаракат қилган.

2018 йил октябрда The Wall Street Journal Мюллер жамоаси вакиллари Стоунни WikiLeaks портали билан алоқадорлик бўйича сўроқ қилганини маълум қилган. WSJ’нинг таъкидлашича, Стоун Трампнинг сайловлар бўйича рақиби Хиллари Клинтонга компромат излашга ҳаракат қилган ва шу тариқа Клинтоннинг электрон почтаси бузиб кирилгани ҳақидаги маълумотни ошкор қилган бўлиши мумкин.

Кейинроқ WikiLeaks вакиллари портал асосчиси Жулиан Ассанж Стоун билан алоқаларга эга эмаслигини айтишган.

Стоун Трамп штабини 2015 йил августда – сайловлар ўтказилишидан анча олдин тарк этган, бироқ АҚШ матбуоти шундан кейин ҳам уни Трампнинг “яқин сиёсий маслаҳатчиси” ва иттифоқдоши деб аташда давом этган. Ўз вақтида Стоун АҚШнинг собиқ президентлари Ричард Никсон ва Рональд Рейганнинг маслаҳатчиси бўлган. 

Мавзуга оид