Ўзбекистон | 13:06 / 25.01.2019
18367
10 дақиқада ўқилади

Пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларининг қатор харажатлари қоплаб берилади

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланиши мумкин.

Низом 2019 йил 1 апрелдан кучга киритилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон ва томорқа ер эгалари кенгаши “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси, ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 майга қадар келгуси йилда ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича лойиҳалар харажатлари ҳисоб-китоби прогноз кўрсаткичларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаш бўйича асосланган талабномаларни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим қиладилар.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича ҳисоб китобларнинг асосланганлигини ўрганиб чиқиб керакли маблағлар ажратиш учун Сув хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда асосланган ҳисоб китобларни 2019 йилнинг 1 апрелигача ва кейинги йилларда календарь йилнинг 1 июнигача Молия вазирлигига тақдим этиб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган ҳисоб-китобларга асосан пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш учун зарур маблағларни ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш маблағлари ҳисобидан ажратилишини таъминласин ҳамда келгусида Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда шу мақсадларга маблағ ажратилишини кўзда тутиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги 2019 йилда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш тажрибаси якунларини ўрганиб чиқиб зарур ҳолда 2020 йил 1 апрелга қадар пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ харажатларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб бериш тартибини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Низомга кўра, у пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилмаган ишлаб чиқарувчиларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг умумий суммасидан қатьий назар, технологиялар жорий этилган майдоннинг ҳар бир гектари учун бир марталик 8 млн.сўмдан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади.

Давлат бюджетидан ажратиладиган мазкур субсидия маблағлари биринчи навбатда лойиҳа ташаббускорларининг томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш учун олган кредитларини қоплашга (мавжуд бўлса) йўналтирилади.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили 1 мартга қадар келгуси йилда ғўза етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларнинг рўйхатини шакллантиради.

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича лойиҳаларда пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларнинг номлари, уларнинг жойлашган манзили, томчилатиб суғориш технологияси жорий этиладиган ер майдони параметрлари, қурилишнинг дастлабки қиймати (техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар, бутловчи қисмларни монтаж қилиш тадбирларига сарфланган харажатлар ва бошқалар) ҳамда молиялаштириш манбалари (ўз маблағлари, кредит маблағлари) акс эттирилади.

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ҳудудий Дастури Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимларининг раҳбарлигидаги сувни тежайдиган суғориш технологияларининг жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳлари томонидан шакллантирилади ва тасдиқланади. Бунда, Ишчи гуруҳлар лойиҳа ташаббускорларининг мурожаатларига кўра тасдиқланган Дастурларни кейинги молия йилида қайта кўриб чиқиши мумкин.

Ишчи гуруҳлар томонидан тасдиқланган тегишли Дастурлар ижроси мониторинг қилинади ва улар бўйича маълумотлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25 санасига қадар Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим этилади.

Ишчи гуруҳлар томонидан тасдиқланган Дастур ва унга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тақдим қилинади. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан тақдим этилган Дастурлар ўрганиб чиқилади ва умумлаштиради ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда ҳар йили 1 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари ахборот-таҳлил департаменти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги вазирликлари томонидан тақдим этилган умумлаштирилган Дастурга мувофиқ аниқланган харажатларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда ҳисобга олади.

Томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари ҳисоби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги учун очиладиган алоҳида шахсий ғазна ҳисоб варағида юритилади. Бунда, молиявий йил якуни билан мазкур шахсий ғазна ҳисоб-варағида фойдаланилмай қолган бюджет маблағлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига қайтарилади.

Лойиҳа ташаббускорлари томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилганлигини тасдиқловчи, бажарилган ишлар ва хизматларни топшириш – қабул қилиш далолатномалари, ҳисоб-фактуралар, етказиб берувчи, ишлар бажарувчи корхоналар билан тузилган шартномалар нусхалари ва бошқа тегишли ҳужжатларни туман қишлоқ хўжалиги бўлимларига кўриб чиқиш учун тақдим этади.

Туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади, асослилигини текширади ва тегишли хулоса бериш учун ҳар ой якуни бўйича умумлаштирилган рўйхат асосида Ишчи гуруҳга тақдим этади.

Ишчи гуруҳ туман қишлоқ хўжалиги бўлимлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан, тегишли хулоса қабул қилади ва субсидия ажратиш учун талабномаларни Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10 санасига қадар тақдим этади.

Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия маблағларини ажратиш учун лойиҳа ташаббускорлари томонидан ишчи гуруҳга қуйидаги ҳужжатлар тақдим қилинади:

пудрат ташкилотлари билан тузилган шартнома;

томчилатиб суғориш технологиясини қурилганлиги бўйича бажарилган ишлар тўғрисидаги далолатномалар;

ишчи органлари томонидан томчилатиб суғориш технологияларини фойдаланишга топширилганлиги тўғрисидаги якуний хулосаси;

ҳисоб-фактуралар;

банк билан тузилган кредит шартнома нусхаси (мавжуд бўлса);

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ишчи гуруҳлар томонидан тақдим этилган талабномаларни 5 иш куни ичида асослилигини текширади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан келишади ва Молия вазирлигига тақдим қилади.

Молия вазирлиги тақдим этилган талабномалар асосида тегишли маҳаллий бюджетлар параметрларига ўзгартиришлар киритади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги ва вилоятлар молия бош бошқармалари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг шахсий ғазна ҳисоб варақларига тегишли бюджет маблағларини ўтказиб беради.

Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари томонидан маблағлар келиб тушганидан сўнг, 5 иш куни ичида тегишлилиги бўйича лойиҳа ташаббускорларининг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамларига ўтказиб берилади.

Лойиҳа ташаббускорларининг тижорат банкларидаги ҳисоб рақамига келиб тушган бюджет субсидияларидан хўжаликнинг мавжуд қарздорликларини қоплаш учун инкассо топшириқномалари қўйилиши мумкин эмас.

Лойиҳа ташаббускорларининг томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дастлабки тақдим этилган ва Ишчи гуруҳ раҳбарлари томонидан тасдиқланган Дастурда инобатга олинган ер майдонидан ортиқ бўлган қисмига қилинган харажатлар лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа ташаббускорларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун бир гектарга 20 млн сўмдан ошмайдиган қисмига ажратиладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 27 декабрдаги ПҚ–4087-сон қарори ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2017 йил 8 сентябрдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги Низом талаблари асосида амалга оширилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан лойиҳа ташаббускорларининг кредит мажбуриятлари бўйича фоиз харажатларининг 10 фоизлик пунктини қоплаш бўйича бюджет маблағларини ажратиш тўғрисидаги талабномалар Молия вазирлигига тақдим этилади.

Молия вазирлиги томонидан Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг талабномалари кўриб чиқилади ва тегишли бюджет маблағлари илгари ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланилиш ҳолатини инобатга олган ҳолда ажратилади. Бунда Молия вазирлиги томонидан қўшимча асослантирувчи ҳисоб-китоб маълумотлари талаб қилиб олиниши мумкин.

Лойиҳа ташаббускорларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича бир гектарга 20 млн сўмдан ошган қисми (компенсация қилинмайдиган қисми) алоҳида тижорат кредити билан расмийлаштирилади.

Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан Лойиҳа ташаббускорларининг томчилатиб суғориш технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳалари амалга оширилган ер майдонлари бўйича кейинги йилларда амалга ошириладиган лойиҳалари кредит мажбуриятларининг бир қисмини қоплашга йўл қўйилмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид