08:55 / 28.01.2019
5186

2018 йилда чакана савдо айланмаси 131,7 трлн сўмни ташкил этди

Республика бўйича 2018 йилнинг январь-декабрь ойларида чакана савдо товар айланмаси 131 768,2 млрд. сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 5,5%га ўсди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, йирик корхоналарнинг товар айланмаси 18 085,7 млрд. сўмни (ўсиш суръати 24,2%), кичик тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 113 682,5 млрд. сўмни (ўсиш суръати 3,0%), шундан уюшмаган савдо товар айланмаси 15 440,4 млрд. сўмни (2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2,7%га камайган) ташкил этди.

2017 йилнинг шу даврига нисбатан республиканинг барча ҳудудларида чакана савдо товар айланмасининг ўсиш суръатлари кузатилиб, нисбатан юқори ўсиш суръатлари Хоразм, Жиззах, Андижон, Бухоро вилоятларида қайд этилди.

Чакана савдо товар айланмаси таркибида йирик корхоналарнинг товар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,2%га ўсди ва 18 085,7 млрд. сўмни ташкил қилди. Бу эса умумий савдо ҳажмининг 13,7% улушига тўғри келади.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо товар айланмаси ҳажми статистик ҳисоб-китобларга кўра, 113 682,5 млрд. сўмни ташкил этиб, 2017 йилнинг январь-декабрь ойларига нисбатан 3,0%га ўсди. Республика миқёсида ушбу секторнинг жами чакана савдо товар айланмасидаги улуши 86,3%га тенг келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хориждан энг кўп пул ўтказмалари қайси вилоятга юборилгани маълум бўлганди.

Top