Ўзбекистон | 16:43 / 28.01.2019
6764
3 дақиқада ўқилади

Сирдарёда «Сайхун» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Сирдарё вилоятида “Сайхун” давлат буюртма қўриқхонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги Сайхун хўжалиги негизида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида “Сайхун” давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш бўйича таклифи қабул қилиниши мумкин.

Буюртма қўриқхонасига умумий майдони 372 гектар бўлган ер участкаси доимий фойдаланишга ажратиб берилади, унинг қўриқланма зонаси майдони 114 гектар этиб белгилаб қўйилади.

Белгилаб қўйилишича:

қўриқланма зонада буюртма қўриқхонадаги муҳофазага олинган объектларга салбий таъсир қилувчи хўжалик фаолияти ва бошқа фаолият чекланади ёки тақиқланади;

қўриқланма зонанинг ерлари ушбу зонада жойлашган ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар ихтиёрида қолади.

Белгиланишича, буюртма қўриқхонаси Давлат экология қўмитасининг юритишида бўлади.

Буюртма қўриқхонанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Сирдарё бўйидаги тўқай мажмуасини унинг биологик хилма-хиллиги билан асраш;

тўқай мажмуасининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини такрор кўпайтириш ва қайта тиклаш;

аҳолига экологик таълим ва тарбия беришга кўмаклашиш, экологик туризмни ташкил этиш.

Ҳужжат билан “Сайхун” давлат буюртма қўриқхонасини ижро этувчи аппарати тузилмаси тасдиқланиши мумкин.

Давлат экология қўмитасининг буюртма қўриқхона фаолиятини бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига молиялаштириши тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Давлат экология қўмитаси Ўзбeкистон Рeспубликаси хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда давлат буюртма қўриқхонасини янада ривожлантиришга кўмаклашиш, унинг табиий биохилмахиллигини сақлаб қолиш, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш ва ёввойи тарзда ўсадиган ўсимликларни етиштириш бўйича питомниклар ташкил этиш, экологик туризмни ташкил этишга инвесторларни жалб қилиш бўйича аниқ чоралар кўради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид