Жаҳон | 16:25 / 31.01.2019
15914
2 дақиқада ўқилади

CNN Путинни Трампнинг «махфий маслаҳатчиси» деб атади

Фото: AP Photo/Evan Vucci

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путинга «махфий маслаҳатчи» сифатида қарайди. Бу ҳақда таҳлилчилар Американинг CNN телеканали эфирида маълум қилишди.

CNN экспертлари 2018 йил ноябрь ойида Буэнос-Айресдаги G20 саммитида юз берган Путин ва Трампнинг яккама-якка суҳбатини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда аввалроқ Financial Times газетаси Россия томонидан бўлган ўз манбаларига асосан ёзганди. Уларнинг маълумотларига кўра, учрашувда ҳам ёрдамчилар, ҳам стенографчилар ёки таржимонлар бўлмаган. Таъкидланишича, суҳбат 15 дақиқа давом этган, унинг давомида етакчилар Суриядаги вазият ва Керч бўғозида украиналик денгизчилар билан содир бўлган ҳодисани муҳокама қилишган.

«Трамп бу ҳолатда Путинга миллий хавфсизлик бўйича махфий маслаҳатчи сифатида муносабатда бўлмоқда. У билан бирга кўп вақт ёлғиз қолмоқда ҳамда «нозик» мавзуларда суҳбатлашиб, ундан маълумот оляпти ҳамда ҳаттоки ўз жамоасида бўлмаган маълумотни Россия ҳукуматига бермоқда», - дейилади эфирда.

Шу тариқа, Трамп ўзига нисбатан Россия томонининг манипуляция қилиши учун мустақил равишда кўпроқ имкониятлар тақдим этмоқда, дея таъкидланади CNN материалида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп ва Путин G20’да 15 дақиқа яккама-якка суҳбатлашгани хабар берилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид