18:52 / 02.02.2019
16025

Иштихондаги абгор йўлдан бир маҳалла аҳолиси озор чекмоқда — фототанқид

Йўллар созлиги, талаб даражасида сақланиши автомобиль ва йўловчилар қатновида муҳим аҳамиятга эга. Бу нафақат умумаҳамиятга эга магистраллар, шаҳарчалардаги ички йўлларга ҳам тааллуқлидир.

Зарурат туғилганда йўлларни кавлаб, канализация ва сув тармоқлари ўтказилиши ёки уларни таъмирлаш ишлари олиб борилишига ўрганиб қолганмиз. Аммо қазиб ташланган йўл аввалги ҳолига келтирилмаса, қўл учида қайта кўмиб юборилса, бу албатта, турли ноқулайликлар келтириб чиқаради. Тўғриси, бундай ҳолатга кўп марта гувоҳ бўлганмиз.

Kun.uz таҳририятига Самарқанд вилояти, Иштихон шаҳридаги «Ғофур Ғулом» маҳалласи аҳолисидан ана шундай мазмунда мурожаат келиб тушди.

Ушбу мурожаат таҳририят ходимлари томонидан жойида ўрганилди.

Аниқланишича, «Ғофур Ғулом» маҳалласида истиқомат қилувчи Ф.Эшқувватовнинг айтишича, шаҳар «Сувоқова» корхонаси томонидан маҳалладаги кўчадан ичимлик сув тармоғи ўтказилган. Бунинг учун йўл чети кавланиб, қувурлар ётқизилган. Ушбу жараён якунига етганига анча вақт бўлган бўлса-да, йўл таъмирланмай қолиб кетган. Бу ҳолат эса туман мутасаддилари томонидан эътиборсиз қолдирилмоқда. Ҳаттоки, ётқизилган қувурнинг асфальт йўлни кесиб ўтган қисми ҳам шунчаки кўмиб юборилган.

Бунинг оқибатида ёғингарчилик вақтида кўчанинг таъмирланмай қолган қисми лой ва балчиққа айланади. Автомобиллар сачратган лой аҳоли хонадонлари деворларига сачраб, хунук манзарани келтириб чиқарган. Аҳоли лой кечиб юришга мажбур бўлмоқда.

Қолаверса, маҳаллада жойлашган 33-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ҳам лой кечиб дарсга қатнашга мажбур. Бу кўчадан ёши катта инсонлар юришга қийналаётган вақтда ёш болаларнинг қандай лой кечишини тасаввур қилаверинг. Фақатгина мактаб дарвозаси олдида болалар лой кечмаслиги учун қумдан бир одам сиғадиган кенгликда супача қилинган.

Кўчанинг ўртаси, автомобиллар қатновига мўлжалланган қисми ҳолатига чидаса бўлади. Лекин аҳоли ҳаракатланадиган йўлка қисми ана шундай аянчли ҳолатга келган. Шаҳар мутасаддилари эса кўча таъмирланишини пайсалга солиб, бу муаммони бартараф этишга «шошилмаяпти».

Top