15:10 / 04.02.2019
90984

Очилбой Раматов лавозимини сақлаб қолди ва унга янги вазирлик раҳбарлиги топширилди

Президент фармони билан Очилбой Жуманиёзович Раматов бош вазирнинг биринчи ўринбосари - Транспорт вазири лавозимига тайинланди. Бу маълумотни Kun.uz манбаси тасдиқлаган.

2002 йилдан буён «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси ҳисобланадиган Очилбой Раматов 2016 йилнинг декабрида - Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплексининг раҳбари сифатида бош вазир ўринбосарига айланганди.

Энди у янги тузилажак Транспорт вазирлигига раҳбарлик қилади. Янги вазирлик республиканинг транспорт соҳаси (темир йўл, ҳаво, автомобил транспорти ва метрополитен) бошқарувини марказлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28 август куни автомобиль транспорти соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, транспорт хизматлари кўламини кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда Транспорт вазирлигини ташкил этиш бўйича топшириқ берганди. 2019 йилги давлат дастуридан ушбу вазирликни ташкил этиш режаси ўрин олган.

Маълумот учун, айни вақтда, ҳукуматнинг янгиланган таркибида бош вазирнинг биринчи ўринбосаридан ташқари яна 4 нафар ўринбосари мавжуд. 

2017 йилнинг ноябридан буён Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси Молия вазири - Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари комплексининг раҳбари бўлган Жамшид Анварович Қўчқоров энди Бош вазир ўринбосари – молия вазири бўлган.

2018 йилнинг майидан буён Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Таълим, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия, спорт ва туризм масалалари комплексининг раҳбари бўлган Азиз Абдуқаҳарович Абдуҳакимов ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича бош вазир ўринбосари бўлган.

2016 йилнинг декабридан буён Бош вазир ўринбосари -Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган Танзила Камаловна Норбоева ўз лавозимини сақлаб қолган.

Элёр Ғаниев 2019 йилнинг 28 январида бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланганди. У ҳукуматда бош вазирнинг собиқ ўринбосари — Инвестициялар, инновацион ривожлантириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари комплексининг собиқ раҳбари Суҳроб Холмуродов ўрнини эгаллади.

Бундан аввалроқ 2017 йил ноябридан буён Бош вазир ўринбосари — Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари бўлган Алишер Саидаббосович Султонов лавозимдан озод этилиб, янги ташкил этилган Энергетика вазирлигига раҳбар бўлгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 28 январь куни бош вазир ўринбосарларидан яна бири Нодир Отажонов бош вазир ўринбосари - Ташқи савдо фаолиятини, экспорт салоҳиятини, машинасозлик, автомобиль, электротехника, мудофаа, пахтани қайта ишлаш саноатини ва енгил саноатни ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплекси раҳбари лавозимидан озод этилиб, президент админстрациясига ўтказилганди.

Top