11:40 / 04.02.2019
10899

«Реал»да йирик ғалаба. Олдинда класико, дерби ва «Аякс»

Фото: Ла Лига

«Қироллик клуби» асосий рақибларининг очко йўқотишидан унумли фойдаланди ва «Сантяго Бернабеу»да баскларни йирик ҳисобда мағлубиятга учратди.

«Реал» - «Алавес» - 3:0 (1:0)
Голлар: Бензема, 30 (1:0). Винисиус Жуниор, 80 (2:0). Диас, 90+1 (3:0). 
«Реал»: Куртуа, Серхио Рамос, Начо, Одриосола, Регилон, Модрич, Каземиро, Себальос, Бензема (Диас, 75), Бэйл (Асенсио, 63), Винисиус Жуниор (Иско, 87).
«Алавес»: Пачеко, Лагуардия, Карлос Вигарай, Дуарте, Марипан, Томас Пина, Вакасо, Гарсия (Гвидетти, 81), Кальери (Бланко, 81), Бурги (Ролан, 67), Хони.
Огоҳлантиришлар: Лагуардия, 32. Бурги, 54. Вакасо, 74. 
Ҳакам: Хайме Латре.
3 февраль. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.

Ноқулай тақвим
Ўтган жума куни ўтказилган Испания Кубоги қуръаси «Реал»га энг ёмон эҳтимолни тақдим этди, мавсумдаги класиколар сони 4тага етди. «Қаймоқранглилар»га кейинги ҳафталар учун тақвими учун ҳавас қилиб бўлмайди: сешанба куни Испания Кубогининг яримфиналида «Барселона»га қарши биринчи учрашув, кейинги дам олиш кунларида «Атлетико» билан дерби ўйини, ундан кейин эса ЕЧЛ бошланади, мадридликларни «Аякс» кутмоқда.

Якшанба куни мадридликлар биринчи даврада ўзаро  ўйинда ғалаба қозонган «Алавес»ни қабул қилишди.

Йўқотишлар
Бу турда турнир жадвалида «Реал»дан юқорида турган икки жамоа ҳам очко йўқотди: «Барселона» фақат Мессининг индивидуал ўйини туфайли «Валенсия»га қарши ўйинда 0:2 ҳисобини дурангга олиб борди (2:2), «матрасчилар» эса кутилмаганда Севильяда «Бетис»га ютқазди (0:1). «Қироллик клуби» бундан фойдаланиб қолиши шарт эди.

Карточкалар муаммоси
Якшанба кунги ўйинни «Реал»нинг бирданига уч футболчиси - Рамос, Модрич ва Начо 4тадан сариқ карточкага эга ҳолда бошлади. Кейинги сариқ карточка уларнинг дерби олдидан дисквалификацияга учрашига сабаб бўларди. Сантьяго Солари бундай йўқотишларни истамасди.

Илк дақиқаларданоқ фақат ҳужумда ўйнаган жамоа ўйинни бирорта карточкасиз ўтказди.

Бенземанинг серияси
Биринчи бўлим мадридликлар учун ажойиб ўтди - Бензема ҳозир жуда юқори спорт формасида. 30-дақиқада у ҳисобни очди ва Ла Лиганинг жорий мавсумидаги голлари сонини 10тага етказди (у ўтган мавсум давомида жами 5та гол урганди, бу мавсумда эса охирги тўрт ўйинда олти гол урди). Голли серияни Бензема охирги марта 2 йил муқаддам қайд этганди, 2017 йилнинг январида у қаторасига беш ўйинда гол урганди.

Баскларнинг имкониятлари
Ўйин «Реал» сценарийси остида кечди, «Алавес» аҳён-аҳёнда қарши ҳужумларга ўтиб турди, лекин улар рақиб жарима майдонига етиб бора олишганида, хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Мадридлик футболчиларнинг ўзи ҳам ҳимояда хатоларга йўл қўйиб туришди, Одриолоса икки марта дарвозабонга ноқулай пас узатди ва прессинг остида қолган бельгиялик дарвозабон икки вазиятда ҳам тўпни дуч келган томонга тепиб юборишга мажбур бўлди.

Винисиус ва Диаснинг голлари

«Реал» футболчилари маҳорат эвазига ғалаба қозонишди. Учта аниқ пас билан ҳимоядан рақиб жарима майдонига кириб борилди ва ёлғиз турган Винисиус Асенсионинг пасини осонлик билан голга айлантирди.

Ўйиннинг охирги дақиқалари эса икки ойлик жароҳатдан сафга қайтган Мариано Диаснинг чиройли голи билан ёдда қолди. Дарвоза қаршисида туриб Одриосоланинг қанотдан узатган пасини тўхтатмай бош билан дарвозага йўллаган ҳужумчи якуний ҳисобни ўрнатди.

Бу ғалаба «Реал»ни «Атлетико»га яқинлаштирди, энди ўзаро ўйин олдидан икки қўшни жамоани фақат 2 очко ажратиб турибди. Мадрид дербисида ғалаба қозониш орқали «Реал» «Барселона»нинг асосий таъқибчисига айланиши мумкин, энди ўртадаги фарқ аввалгидек 10 эмас, 8 очкони ташкил қилмоқда.

Турнир тўпурарлари

Турнир жадвалидаги ҳолат

Top