Англия: «МЮ» учинчи ўринни нақд қилди, «шпорлар» лигада қолмоқчи

«МЮ» – «Ливерпул» 3:2
Голлар: Куня, 6 (1:0). Шешко, 14 (2:0). Собослаи, 47 (2:1). Гакпо, 56 (2:2). Майну, 77 (3:2)
«МЮ»: Ламменс, Магуайр, Ҳевен, Шоу, Далот, Каземиро, Майну, Бруну Фернандеш (Йоро, 90+6), Куня (Зиркзе, 87), Мбемо (Доргу, 75), Шешко (Диалло, 46)
«Ливерпул»: Вудман, ван Дейк, Конате (Киеза, 87), Робертсон (Керкез, 59), Жонс, Макаллистер, Гравенберҳ, Гакпо, Фримпонг (Нгумоҳа, 75), Вирц, Собослаи
Огоҳлантиришлар: Шоу, 49. Бруну Фернандеш, 81 – Жонс, 75. Гакпо, 85

Бу ўйинга «Манчестер Юнайтед» ЕЧЛ йўлланмасини расмийлаштириш учун тушди ва буни уддалади. Рақибнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда бу қийин иш эмасди. Мерсисайдликлар устози Арне Слот бу ўйинда жароҳат туфайли Исак, Экитике ва Салоҳ каби етакчиларидан фойдалана олмасди, натижада ҳужум марказида Гакпо, ўнг қанот вингери позициясида асли ҳимоячи бўлган Фримпонг туширилди.

Ўйиннинг олтинчи дақиқасидаёқ мезбонлар фаворит мақомини тасдиқлашди. Робертсоннинг бурчак зарбасидан кейин тўп жарима майдонидан узоқлаштирилди ва Куня зарба бериш нуқтасига чиқиб бориб, кучли зарба йўллади. Унинг биринчи зарбаси блокланди, аммо такрорий зарбадан сўнг  тўп рикошет орқали дарвоза тўрига бориб тушди.

Ва бир неча дақиқа ўтиб «Юнайтед» иккинчи голни урди. Бруну бош билан тўпни дарвозабон ҳудуди турган Шешкога етказди, ҳужумчи эса имкониятдан фойдаланди. Аммо меҳмонлар дарвозабони зарбадан олдин қўллари учи билан тўпга тегиниш орқали португалиялик яримҳимоячини навбатдаги ассистдан маҳрум қилди.

Бироз ўтиб Бруну мезбонларнинг учинчи голини уришга яқин келганди, аммо унинг жарима майдони марказидан йўллаган зарбаси бироз хато кетди. «МЮ» биринчи бўлимда тўпни рақибга топширди (38 га 62 фоиз), аммо қарши ҳужумларда вазиятларга эга бўлди.

Танаффусда «МЮ» Шешкони алмаштиришга мажбур бўлди (катта эҳтимол билан, словакиялик ҳужумчи кичик жароҳат олган), унинг ўрнига тушган Амад эса иккинчи бўлим бошидаёқ майдон марказида тўп йўқотди. Собослаи эса тўпни мезбонлар жарима майдонига қадар олиб борди ва олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Кўп ўтмай энди дарвозабон Ламменс ҳам хатога йўл қўйди. У тўпни узоқлаштиришда ноаниқ ҳаракат қилди. Рақиб жарима майдонида тўпга эга чиққан меҳмонлар эса бундан фойдаланишди.