Ўзбекистон | 10:35 / 04.02.2019
4822
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда атом энергетикаси бўйича семинар бошланди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг 4 февраль куни Атом энергетикаси бўйича халқаро агентлиги – АЭХА (МАГАТЭ) Тошкентда ўзбекистонлик мутахассислар, “Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари иштирокида атом электр станцияси учун майдон танлашда хавфсизлик ва бошқа муҳим жиҳатлар бўйича семинар ўтказишни бошлади.

Семинардан кўзланган асосий мақсад “Ўзатом” агентлиги ва бошқа алоқадор агентликлар мутахассислари учун АЭХА хавфсизлик тартиб ва талаблари бўйича маслаҳат, йўл-йўриқлар кўрсатишдан иборат.

Унда иштирокчиларга маҳаллий мутахассислар ҳозирги пайтда мамлакатимизда АЭС учун майдон танлаш ишларининг ҳолати бўйича маълумот беради. 

Семинар давомида АЭС учун майдон танлашда экологик жиҳатлар, атом электр станцияси учун инфратузилмани ривожлантиришда АЭХА талабининг аҳамияти, АЭХА хавфсизлик стандартларига мувофиқ лицензиялаш жараёни, ушбу ташкилотнинг атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва атом-энергетика муаммоларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашувига оид масалалар атрофлича таҳлил этилади. 

Шу билан бирга, тадбирда МАГАТЭнинг АЭС учун майдон танлаш ва уни баҳолаш билан боғлиқ бўлган хавфсизлик нормалари бўйича қўшимча ҳужжатлар ҳам тақдим қилинади. 

2018 йил 7 сентябрда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси бош вазирлари юртимизда Россия лойиҳаси асосида атом электр станциясини қуриш бўйича ҳукуматлараро битимни имзолаган. Лойиҳада ВВЭР-1200 турдаги реакторли  2 та энергоблоклар қурилиши кўзда тутилган. Президентнинг 2018 йил 13 октябрда қабул қилинган ПҚ-3969 сонли қарорига мувофиқ, имзоланган битим кучга кирди. Мамлакатда АЭС биринчи энергоблокини 2028 йилнинг охиригача ишга тушириш мўлжалланган.

Мавзуга оид