Ўзбекистон | 17:11 / 05.02.2019
7492
2 дақиқада ўқилади

Салоҳиддин Раббоний: RECCA вазирлар конференцияси Тошкентда ўтказилади

Фото: The Hindu Business Line

Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонаси берган маълумотларга кўра, 2019 йилнинг 3 февраль куни Кобул шаҳрида 20 дан ортиқ давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирокида Афғонистон юзасидан иқтисодий ҳамкорлик қилиш бўйича Минтақавий конференциянинг (RECCA) биринчи мувофиқлаштирувчи йиғилиши бўлиб ўтди.

ТИВ хабарида айтилишича, йиғилишда Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний нутқ сўзлаб, Ўзбекистоннинг Афғонистон йўналишидаги ташаббусларига юқори баҳо берди, уларнинг RECCA доирасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишларига тўлиқ мос келишини ва мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Афғонистон ТИВ раҳбари Ўзбекистон ҳукумати таклифига биноан RECCA VIII вазирлар конференцияси 2019 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида ўтказилишини эълон қилди.

2019 йил 12 январь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган «Ҳиндистон – Марказий Осиё» мулоқотининг Афғонистон иштирокидаги биринчи вазирлар йиғилиши ҳақида сўзлай туриб, вазир «Афғонистон ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ барқарорликка муҳтож. Самарқанддаги учрашув эса мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш билан боғлиқ муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади», – дея қайд этди.

Ўзининг йиғилишдаги чиқишида Ўзбекистон элчиси Ёдгорхўжа Шодмонов Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг умумминтақавий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашиш борасидаги мамлакатимизнинг саъй-ҳаракатлари ҳақида ҳамда Афғонистон томони билан биргаликда «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўл линиясини, «Сурхон – Пули-Хумри» электр узатиш линиясини барпо этиш каби йирик инфраструктура лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида сўзлаб берди.

Йиғилиш доирасида Афғонистон пойтахтида жойлашган RECCA тадқиқот ва таҳлил марказининг расмий очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Мувофиқлаштирувчи йиғилиш қатнашчилари Тошкент шаҳрида бўладиган конференциянинг юқори даражада ўтишига умид билдиришди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид