Спорт | 14:42 / 08.02.2019
20376
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги олимпия стадиони қурилиши мумкин

Фото: Gosport 

Тошкентда янги олимпия стадиони барпо этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Gosport хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш учун ариза топширади. Аризада мусобақаларни ташкил қилиш бўйича махсус дастур яратилади.

Айнан мана шу дастурга биноан пойтахт Тошкентда олимпия стандартидаги янги стадион қурилиши лойиҳаси ҳам тақдим этилади. Стадион Осиё ўйинларининг очилиш ва ёпилиши маросими, шунингдек, футбол, енгил атлетика мусобақаларини ўзида қабул қилади. Келгусида стадион футбол учрашувларини ўтказиш учун хизмат қилади.

Ҳозирча стадионнинг сиғими қанча бўлиши ҳақида маълумотлар йўқ. Шунингдек, унинг Тошкентнинг қайси қисмида қурилишига ҳам аниқлик киритилмаган.

Айни вақтда бу лойиҳа кўринишида қолмоқда. Стадион қурилиши учун даставвал Ўзбекистон Осиё ўйинларига мезбонлик ҳуқуқини қўлга киритиши лозим.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил декабрида парламентга мурожаатномасида Ўзбекистон Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши кераклиги ҳақида гапирганди

«Афсуски, ҳозирга қадар юртимизда Олимпия ёки Осиё ўйинлари каби нуфузли спорт мусобақалари ўтказилмаган. Келгусида ёзги Осиё ўйинларидан бирига мезбонлик қилиш бўйича ҳаракатларни бошлашимиз керак», деганди президент.

Kun.uz манбаси маълумотига кўра, 25 февраль куни Тошкентга Миллий олимпия қўмиталари ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия кенгаши раиси шайх Аҳмад Ал-Фаҳад Ал Сабаҳ келиши кутилмоқда. Ўзбекистон қайсидир халқаро турнирга мезбонлик қилиши масаласи шу ташриф давомидаги музокаралар натижасига боғлиқ бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид