14:49 / 12.02.2019
16429

Тошкентда профилактика инспекторлари ва маҳалла раислари тақдирланди

Бугун пойтахтдаги «Халқлар Дўстлиги» санъат саройи олдида Тошкент шаҳар ИИББ ИИО таянч пунктлари профилактика инспекторлари, маҳалла оқсоқоллари ва фаоллари «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси жамғармаси» ҳисобидан тақдирланди.

Тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда ички ишлар тизимидаги раҳбарлар, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этишди.

Бугунги кунда «Жамоат хавфсизлигини таъминлашни рағбатлантириш жамғармаси» ташкил этилган бўлиб, ҳозирда ушбу жамғарманинг Тошкент шаҳридаги ҳисобига 1 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари келиб тушган. Ушбу маблағлар ҳисобидан бугун алоҳида ўрнак кўрсатган 48 нафар маҳалла раислари, ҳамда 120 нафар профилактика инспекторлари рағбатлантирилди. Булардан ташқари, 600 нафарга яқин профилактика инспекторлари ҳам рағбатлантириши кўзда тутилган.

 «Тошкент шаҳрида жиноятлар икки баробарга камайди. 2018 йилда кўча ва жамоат жойларида, объектлар ҳамда хонадонларда жами 30 мингдан ортиқ кузатув мосламалари ўрнатилди. Профилактика ходимларининг 1048 нафари қидирув, шахсий идентификация қилиш, GPS назорат каби маълумотлар базаларига онлайн уланган хизмат уяли телефонлари билан таъминланди. Натижада фуқароларни шахсини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларига олиб келиш 5 баробарга камайган. Фидокор ёшлар гуруҳларида фаол иштирок этган ёшлардан 448 нафари ички ишлар органлари сафига қабул қилинган. 581 нафари Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларининг олий таълим муассасаларига ўқишга киришган. 1005 нафарига эса ҳарбий хизматга боришга тавсияномалар берилди», - деди тадбирда сўзга чиққан Пўлат Бобожонов.

Шунингдек, эндиликда профилактика инспекторлари ёрдамчилари ички ишлар органлари тавсияси билан олий таълим муассасаларига шу жумладан касбий тайёргарлик факультетига квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилди. Профилактика инспекторлари лавозимлари қоида тариқасида юристлар орасидан қўйилиши белгилаб қўйилган. 

Эътиборли жиҳати шундаки, бундан буён профилактика инспекторлари тузган маъмурий баённомалар асосида ундирилган жарима суммаси уларни бевосита рағбатлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга сарфланади.

Top