Ўзбекистон | 10:28 / 16.02.2019
8064
3 дақиқада ўқилади

ДТМ қошида янги марказ ташкил этилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудлар марказида ҳар йили Давлат тест маркази томонидан қўйиладиган талаблар асосида мебеллар (бир кишилик стол ва стуллар) билан жиҳозланган катта сиғимли заллардан иборат бино ёки иншоотларни тест синовларини ўтказиш учун ажратиши белгилаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тест синовлари жараёнини ёритиш мақсадида шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация қурилмалари, мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи (глушитель), бармоқ изларини текширувчи, металлодетекторлар, мониторлар билан ҳар йили тест синовлари ўтказиладиган биноларни жиҳозлайди.

2020 йилдан бошлаб:

Давлат тест марказини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан мобиль алоқа тўлқинини тўсувчи (глушитель), бармоқ изларини текширувчи, видеокузатув камералари ҳамда аудиоёзув қурилмалари харид қилинади;

барча тест синовлари Давлат тест марказига ажратилган бино ва иншоотларда ташкил этилади.

Давлат тест маркази қошида юридик шахс мақомига эга бўлган Халқаро ўқув-илмий маркази ташкил этилади.

Халқаро ўқув-илмий марказнинг вазифалари этиб қуйидагилар белгиланиши мумкин:

халқаро ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда шартнома асосида қисқа ёки узоқ муддатли тестология йўналиши бўйича малака ошириш ўқув курсларини ташкил этиш;

манфаатдор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар ходимлари ҳамда хоҳловчиларни чет тиллари бўйича малакасини ошириш;

тегишли ташкилотлар билан келишилган ҳолда чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бўйича халқаро тан олинган ташкилотлар синовларини ҳамкорликда ташкиллаштириш.

Халқаро ўқув-илмий марказ фаолияти, ушбу марказ томонидан кўрсатилган хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Халқаро ўқув-илмий марказ раҳбари Давлат тест маркази директори томонидан тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид