09:27 / 19.02.2019
7033

Январь ойида Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 3,35 млрд долларни ташкил қилди

Фото: Getty Images

2019 йил январь ойи якунларига кўра, республикада ташқи савдо айланмаси 3,35 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,8%га ўсди. 

Давлат статистика қўмитаси хабарига кўра, экспорт ҳажми 1,67 млрд долларга (ўсиш суръати 16,6%) ва импорт ҳажми 1,67 млрд долларга (ўсиш суръати 38,9%) етди. Ташқи савдо салдоси 31,0 минг долларни ташкил қилди.

2019 йилнинг январь ойида товар ва хизматлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 238,4 млн АҚШ долларга кўпроқ экспорт қилинди, товар ва хизматлар импорти ҳажми эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 469,4 млн АҚШ долларига кўпроқ бўлди.

2019 йилнинг январь ойи якуни бўйича товарлар экспорти билан шуғулланувчи корхоналар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 81тага кўпайган бўлиб, улар сони 1037тага етказилди. 

Ташқи савдо айланмаси динамикасидан келтирилган маълумотлар кўрсаткичларнинг қолган йилларга нисбатан ўсганлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, 2019 йил январь ойида амалга оширилган экспорт ҳажми, ўтган йилларга нисбатан кўпайиб, 2019 йилнинг январь ойи якунларига кўра, 1675,7 млн АҚШ долларини ташкил қилди. 

2019 йил январь ойида ташқи савдо айланмасида МДҲ давлатларининг улуши 29,2%ни ташкил этиб, ҳамда ташқи савдо айланмаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 115,3% ташкил этди. 

Бошқа хорижий давлатларнинг республика ташқи савдо айланмасидаги улуши 2018 йилнинг январь ойида 67,9%ни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ушбу даврида эса ташқи савдо айланмасидаги улуши 70,8%га етди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,9%га ўсди. 

Top