Спорт | 12:20 / 20.02.2019
12760
5 дақиқада ўқилади

«Лион» «Барселона»ни ноллаштирди. Барчаси жавоб ўйинида ҳал бўлади

Фото: Reuters

Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финали доирасидаги биринчи учрашувда каталонлар сафарда французлар дарвозасини ишғол эта олмади.

«Лион» (Франция) – «Барселона» (Испания) – 0:0
«Лион»: Антони Лопеш, Дюбуа, Денайер, Марселу, Менди, Траоре (Тузар, 69), Ауар, Ндомбеле (Диоп, 84), Депай, Террье (Корне, 76), Мус.Дембеле.
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Жорди Альба, Сержи Роберто (Видаль, 81), Бускетс, Ракитич, Месси, Суарес, У.Дембеле (Коутинью, 67).
Огоҳлантиришлар: Ауар, 3. Дюбуа, 33. Сержи Роберто, 80. Семеду, 88.
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).
19 февраль. Лион. «Люмьер» стадиони.

Асосий мақсад
Жорий мавсум аввалида Лионель Месси «Барселона»нинг мавсумдаги мақсадлари ҳақида аниқ тушунча берганди. Каталонлар клубининг асосий мақсади – «Камп Ноу»га «қулоқли кубок»ни қайтариш. Кўк-анорранглилар бу турнирда охирги марта 2015 йилда ғолиб бўлишган, кейинги 3 йилда совринни душман тараф – мадридликлар ўзиники қилишган. Бу мавсумда эса мақсад йўлидаги илк жиддий уринишда «Лион» жиддий қаршилик кўрсатди.

Ауар машҳурлашмоқда

«Парк Олимпик Лион» стадионидаги ўйин дебютидаёқ мезбонларнинг таянч яримҳимоячиси Ҳуссем Ауар қаҳрамон бўлиши мумкин эди. Аввалига, учинчи дақиқада у Мессини французлар жамоаси жарима майдони яқинида йиқитди ва сариқ карточка олди - мезбонларнинг бахтига аргентиналик футболчининг жарима нуқтасидан берган зарбаси бироз ноаниқ кетди. Кўп ўтмай Тер Штеген пас беришда адашди ва «Лион» футболчилари тўпни эгаллаб олиб, тезкор ҳужум уюштиришди аммо Ауарнинг каталонлар жарима майдони ичидан туриб берган зарбасини германиялик дарвозабон хатосини тузатган ҳолда қайтариб юборди.

Терьенинг зарбаси
Тер Штеген биринчи бўлим давомида зерикиб қолмади - 10-дақиқада Мартен Терье узоқ масофадан зарба йўллади, тўп аввал дарвозабон қўлқопининг учларига, кейин дарвоза тўсинига тегиб майдонга қайтди, «Барса» дарвозабони иккинчи уринишда тўпни ушлаб олди.

Меҳмонлар учун имкон

 

«Лион»нинг ўйин бошидаги шиддати пасайгач, «Барса» аста-секинлик билан ташаббусни қўлга олиб, мезбонлар ҳимоясини бузиб кира бошлади. Меҳмонлар асосан чап қанотдан ҳужум уюштиришди, шундай вазиятлардан бирида Жорди Альба рақиб жарима майдонида Мессини топди, аммо каталонияликлар етакчиси зарбаси бироз юқоридан кетди. Унинг ортидан Усмон Дембеле ҳам қулай вазиятга эга бўлди, аммо унинг яқин масофадан берган зарбасини дарвозабон ўз гавдаси билан тўсиб қолди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Серхио Бускетс узоқдан кучли зарба йўллади, аммо тўп йўлидан ҳимоячи чиқди ва майдон ташқарисига чиқиб кетди, меҳмонлар бурчак зарбасини амалга оширишга улгуришмади - ҳакам ҳуштаги чалиниб, томонлар 15 дақиқалик танаффусга таклиф этилди.

Транжирлар

Иккинчи бўлимда Луис Суарес ва Лионель Месси вазиятларни исроф қилишда давом этишди. Кўк-анорранглиларнинг вазиятлари хавфли чиқар аммо якуний зарбада барчаси бекор бўларди. Вальверде Дембелени ўйиндан олиб, унинг ўрнига Коутиньони майдонга ташлаши ҳам вазиятни ўзгартирмади. Бразилиялик футболчи ҳам вазиятлар яратар, аммо Суарес ёки Месси бу имкониятларни йўққа чиқаришда давом этарди. Месси бир сафар тўпни рақиб ҳимоячисининг бошини мўлжаллаб тепди, бошқа сафар эса жамоадоши Суареснинг бошини нишонга олди.

Қайд этиш керакки, «Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес анча вақтдан буён ЕЧЛнинг сафар ўйинларида гол ура олмай келмоқда. «Лион»га қарши биринчи учрашувда ҳам бу қуруқ серия давом этди, ундаги ҳалқалар сони 16та ўйинга етиб, майдонда тўп тепган вақти 24 соатлик нуқтадан ўтди. Суарес Чемпионлар лигасида сафардаги голини охирги марта 2015 йил 16 сентябрь куни «Рома» билан ўйинда урган эди.

Ўйиннинг 86-дақиқасида Бускетс яна бир бор зарба бериш нуқтасига чиқди, аммо унинг дарвозабон тўпни тўсин остидан қайтариб қолди.

Коутиньонинг саъй-ҳаракатларидан кейин Месси яна бир марта жарима зарбасини ижро этди, аммо таблодаги ҳисоб ўзгармай қолди - ноллар. Ўнлаб вазиятларни йўққа чиқарган «Барса» ЕЧЛнинг чорак финали масаласини жавоб ўйинига қолдирди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид