Ўзбекистон | 14:30 / 20.02.2019
10740
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги барча кўприклар хатловдан ўтказилмоқда – Транспорт вазирлиги ҳузуридаги инспекция

20 февраль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги пресс-ҳоллида «Ўзбекистонда автомобиль йўллари қурилиши: ютуқ ва муаммолар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мутасаддилари иштирок этди.

Kun.uz мухбири иштирок этган анжуман давомида республика бўйича кўприклар аҳволи, хусусан Хоразм вилоятида ўпирилиб тушган кўприк мавзуси кўтарилди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси кўприкларни назорат қилиш бўлими бошлиғи Хайрулла Бойбўлатов ҳолатга изоҳ бериб шундай деди:

– Ҳозирги кунда Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тасарруфида 7000дан ортиқ кўприклар мавжуд. Шунингдек, ички йўлларда бир вақтлар Қишлоқ ва сув хўжалиги томонидан, ёки турли ташкилотлар, аҳоли томонидан қурилган кичик кўприклардан ҳам фойдаланиб келинмоқда. Уларнинг аниқ сони бўйича маълумот мавжуд эмас. Аниқ маълумотни шакллантириш, ҳар бир кўприк ҳолатини ўрганиш, диагностикасини ўтказиш ва ҳужжатлаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилган. Дастлабки босқичда барча ўрганиш ишлари амалга оширилади, кейин зарур маблағ миқдори аниқланиб, босқичма-босқич таъмирлашага киришилади. Айтишим мумкинки, бу жуда катта маблағ талаб қилади. Аниқ рақам ва муддатни ҳозирча айта олмайман.

Энди нега бу кўприклар яроқсиз ҳолатга тушаётгани бўйича саволларга келсак, аслида кўприкларнинг фойдаланиш муддати бўйича аниқ меъёр йўқ. Ҳаммаси қаерда ва қай тарзда фойдаланилишига боғлиқ. Қайсидир жойнинг табиати тезроқ яроқсиз ҳолга келтирса, қаердадир йирик автомобиллар узлуксиз ўтиб туриши таъсир қилади. Бу кўприклар қурилган пайтда йирик юк машиналарининг юк ташиш қуввати 8-10 тонна бўлган. Ҳозир эса 20-25 тонналик машиналардан фойдаланяпмиз. Ҳам кўприк эскириши, ҳам оғир юк машиналари бир бўлиб, шундай ҳолатлар юзага келяпти.

Унга Автомобиль йўллари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Назаров қўшимча қилди:

– Хоразмдаги ҳолатни дарҳол жойига чиқиб ўргандик ва Урганч–Чолиш йўлининг 10 километридаги каналга қурилган кўприк билан бирга вилоятдаги жами 15та кўприкни капитал таъмирлашга киришдик. Йил охирига қадар яна 20та кўприк таъмирланиши мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 1 ноябрь куни Хоразм вилоятида жиддий техноген авария юз берган, Урганч–Чолиш йўлининг 10 километридаги кўприк жуда эскириб кетгани сабабли, юк автомобили оғирлигини кўтаролмай, қулаб тушган эди. Аварияда жабрланганлар бўлмаган, аммо вилоятни Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа ҳудудлар билан боғлаб турувчи асосий йўл маълум муддатга ёпилиб қолганди.

Мавзуга оид