Спорт | 20:55 / 21.02.2019
7264
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги деярли ҳар тўртта мактабдан бирида спорт зали мавжуд эмас

Фото: www.idum.uz

Ўзбекистон мактабларининг 2483тасида спорт заллари йўқ ва 2024 йилгача уларнинг барчасида спорт объектлари бунёд этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев бугун, 21 февраль куни вазирликда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Юртбошимизнинг топшириқлари билан 2020-2024 йилларга мўлжалланган, республикамизда мавжуд бўлган ва янги қурилиши керак бўлган спорт объектлари бўйича беш йиллик дастур қабул қиламиз. 9669та умумтаълим мактабларининг 2483тасида спорт заллари ҳам, спорт иншоотлари ҳам умуман мавжуд эмас. Дастурда ушбу 2483та мактабда спорт зали, Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 120га яқин спорт иншоотларининг қурилиши мўлжалланган», – деди Дилмурод Набиев.

Халқ таълими вазирлиги маълумотига асосан, Ўзбекистонда спорт залларга эга бўлмаган мактаблар сони вазир Набиев келтирганидан ҳам кўпроқни ташкил этади. Унга кўра, мамлакатдаги 4277та умумий ўрта таълим маскани (умумий мактабларнинг 44 фоизи) спорт зали билан таъминланмаган. ХТВ ахборотида келтирилишича, республика бўйлаб 65 фоиз мактабда ошхоналар йўқ.

Маълумот учун, жорий 2018-2019 ўқув йилида Ўзбекистон мактабларида 5821861 нафар ўқувчи таълим олмоқда, уларнинг 48,8 фоизини қизлар ташкил этади. Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари сони кейинги икки йилда 121,1 фоизга ошган.

Мавзуга оид