Ўзбекистон | 09:22 / 23.02.2019
2704
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Иордания маслаҳатлашувлар ўтказди

2019 йилнинг 19-21 февраль кунлари Аммон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Иордания Ҳошимийлар Қироллиги ташқи сиёсат идоралари юридик хизматлари ўртасида ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий масалалари бўйича маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар якунига кўра имзоланган Ўзбекистон-Иордания битимларининг ҳуқуқий мақомига аниқлик киритилди, уларни амалга оширишнинг ҳолати тўғрисида маълумот алмашилди ҳамда истиқболли ҳужжатларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқишни фаоллаштиришга келишиб олинди, дейилади ТИВ хабарида.

Ўзбекистон ТИВ делегацияси Иорданиянинг турли вазирлик ва идораларида қатор учрашувлар ўтказиб, ишлаб чиқилаётган икки томонлама шартномаларнинг лойиҳаларини муҳокама қилган.

Иордания инвестиция комиссиясида, Туризм ва қадимийлик, Қишлоқ хўжалиги, Адлия ва Ички ишлар вазирликларида ўтказилган музокараларда мазкур соҳалардаги шартнома лойиҳалари матни моддама-модда кўриб чиқилди. Икки мамлакатнинг туризм, қишлоқ хўжалиги тармоқларидаги, инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасидаги илғор тажрибаси ҳамда бошқа масалалар юзасидан маълумот алмашилди.

Мавзуга оид