Жаҳон | 12:53 / 10.03.2026
3526
2 дақиқада ўқилади

Эрон Иорданиядаги бундесвер дала лагерига яна ҳужум қилди

Эрон Германия ҳарбийлари жойлашган Асрак авиабазасига бир нечта баллистик ракета учирди, деб ёзади Der Spiegel. Нашр маълумотларига кўра, зарба казармага теккан, аммо барча ҳарбийлар бошпанада бўлгани учун ҳеч ким жабр кўрмаган.

Фото: Weyland/Bundeswehr/dpa

Иордания шарқидаги бундесвернинг дала лагери яна Эрон томонидан ракета ҳужумига учради. Der Spiegel журнали хабарига кўра, 9 март, душанбага ўтар кечаси АҚШнинг Асрак авиабазасига бир нечта баллистик ракета учирилган. Ушбу база ҳудудида Германия қуролли кучларининг кичик дала лагери жойлашган. Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.

Нашр маълумотларига кўра, зарба немис аскарлари жойлашган казарма биносига тўғри келган, бироқ ҳужум пайтида уларнинг барчаси бошпаналарда бўлган. Ҳозирча ракеталар бевосита ҳарбий базага текканми ёки тутиб қолинган ракеталар парчалари база ҳудудига тушганми — бу аниқ эмас.

Бундесвер тезкор қўмондонлиги вакили AFP ахборот агентлигига ҳозирда ҳодиса юзасидан ички текширув олиб борилаётганини айтган, аммо ўққа тутиш фактини тасдиқламаган.

Сўнгги вақтларда Асрак базасидаги дала лагерида тахминан юз нафар бундесвер аскари жойлаштирилган эди. Германия ҳарбий-ҳаво кучлари у ердан халқаро аксилтеррор коалициясини ўзининг ёнилғи қуйиш самолётлари билан қўллаб-қувватлаб келмоқда. 28 февралдан бери давом этаётган АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланган дастлабки кунларда ҳам ушбу авиабаза ўққа тутилган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид