Ўзбекистон | 16:00 / 23.02.2019
27862
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда янги телеканал ташкил этиш таклиф қилинди

Фото: Pixabay

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Бизнес телеканали”ни ташкил этиш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, бугунги кунда тадбиркорларнинг фаолиятини тўлиқ ёритадиган, бизнес сирларини ўргатишга ихтисослаштирилган, тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти билан яқиндан таништирадиган махсус телеканал мавжуд эмас. 

“Агар тадбиркорлик соҳасига бағишланган махсус телеканал ташкил этилса ва унинг дастурлари фақат шу йўналишда бўлса, тадбиркорлар бир-бирларини янада яқинроқ танишарди, маҳсулотларни реклама қилиш учун қулайлик бўларди”, - дейилади петицияда. 

Билдирилишича, махсус телеканал орқали ўз маҳсулотларини ва ишлаб чиқариш жараёнларини эфирга узатишлари мумкин бўлади. Бу телеканалнинг ташкил этилиши хорижий инвестицияларни ҳам кенгроқ жалб этишга, хорижлик тадбиркорларнинг эътиборини янада тортишга хизмат қилиши мумкин.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, махсус “Бизнес телеканали”ни ташкил этишни таклиф қиламан”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда мактабларга кириш ва чиқиш жойлари бўйича петиция пайдо бўлганди.

Мавзуга оид