Ўзбекистон | 18:59 / 23.02.2019
22710
2 дақиқада ўқилади

Вазирлик олтин ва кумуш медалларга алоқадор баъзи маълумотларни рад этди

22 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 154-сонли қарори асосида “Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низом” тасдиқлангани хабар берилган эди.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур хабар таълимга ихтисослашган баъзи Telegram каналларида нотўғри талқин этилган, яъни олтин медал олган мактаб битирувчисига кириш имтиҳонларида тўплаган умумий балига 50 фоиз, кумуш медал олган мактаб битирувчисига эса 30 фоиз балл қўшиб берилишига оид нотўғри маълумотлар чоп этилаётгани маълум қилинди.

Юқорида келтириб ўтилган Низомда олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланган ўқувчиларга имтиёзлар берилиши кўзда тутилмаган. Олтин ва кумуш медаллар аъло баҳоларда ўқиган ўқувчиларга берилиши инобатга олинса, кириш имтиҳонларида имтиёзли баллар берилмаса-да, ўз билимларини кўрсата олишлари лозим. Қолаверса, Халқ таълими вазирлиги олий ўқув юртига кириш учун талабгор ёшларга тенг имкониятлар тақдим этиш тарафдори, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бундан кўзланган мақсад ўқувчиларни таълим олишга бўлган қизиқишларини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларни олдини олиш ва иқтидорли ўқувчилар билимини рағбатлантиришдан иборатдир.

Халқ таълими вазирлиги таълимга ихтисослашган баъзи Telegram-каналларни тизимга оид асосланмаган ва ёлғон маълумотларни тарқатмасликка чақирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид