Жаҳон | 19:39 / 11.02.2026
4265
2 дақиқада ўқилади

Сингапур Олимпиада ғолиблиги учун тўловлар миқдори бўйича етакчилик қилмоқда

Сингапур қишки Олимпиададаги ягона иштирокчисига олтин медални қўлга киритган тақдирда деярли 800 минг доллар тўлайди.

Фото: Sport Singapore via Reuters

Сингапур Италиянинг Милан ва Кортина д'Ампеццо шаҳарларида ўтказилаётган 2026 йилги қишки Олимпия ўйинларида ғалаба қозонгани учун энг катта мукофот тўлайдиган давлатлар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда USA Today нашри хабар берди.

Ўйинларда Сингапурдан ягона вакил - 23 ёшли тоғ чанғичиси Файз Баша иштирок этмоқда. Олтин медаль учун у 788 минг доллар, кумуш учун 394 минг доллар, бронза учун 197 минг доллар олиши мумкин.

Юқори бешликка, шунингдек, Ҳонконг (олтин учун 767 минг доллар), Италия (213 минг доллар), Польша (211 минг доллар) ва Словения (162 минг доллар) ҳам кирди.

Польша чемпионларга пулдан ташқари Toyota Corolla, мебеллар билан жиҳозланган икки хонали квартира, заргарлик буюмлари ва байрам ваучерини совға қилади. Австрия бонусларни «Filarmonik» олтин тангалари (Австрия зарбхонаси томонидан чиқарилган инвестиция тангалари) билан тўлайди: биринчи ўрин учун 23,7 минг доллар.

Янги Зеландия (олтин учун 3 минг доллар), Австралия (14 минг доллар), Дания (15 минг доллар) ва Канада (18 минг доллар) энг кам пул тўлайдиган мамлакатлар қаторидан жой олди.

Буюк Британия, Швеция ва Норвегия медал соҳибларига ҳеч қандай мукофот тўламайди, фақат стипендиялар ва тайёргарлик грантлари билан чекланади.

Қишки Олимпия ўйинлари 22 февраль куни якунланади. Ушбу мусобақада жами 116 та медал жамланмаси ўйналади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид