Жаҳон | 11:19 / 24.02.2019
6162
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда спиртли ичимликдан заҳарланиш қурбонлари 99 нафарга етди

Фото: REUTERS

Ҳиндистоннинг шимолида қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида камида 99 киши ҳалок бўлди. Яна 100 дан кўпроқ киши шифохонага ётқазилган.

Қурбонлар орасида Ассам штатидаги чой плантацияларида ишлаган бир неча аёл ҳам бор.

Ушбу воқеа мамлакатнинг Уттар-Прадеш ва Уттаракханд штатларида суррогат спиртли ичимликдан 99 киши ҳалок бўлгандан кейин 2 ҳафта ўтмасдан содир бўлди. Ўшанда одамлар метанолдан заҳарланганликлари тахмин қилинганди. 2011 йилда Ғарбий Бенгалияда шундай сабабларга кўра 172 ҳалок бўлганди. 

Полиция сифатсиз алкогол ишлаб чиқарилган жойни аниқлаган. Топилган алкогол таркибини ўрганишга жўнатилган – жабрланувчиларга ёрдам кўрсатилаётган госпиталлардаги шифокорлар одамлар қандай моддадан заҳарланганларини аниқлай олишолмаяпти.

The Guardian нашрининг хабар беришича, Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида қўлбола усулда ишлаб чиқарилган арзон алкогол кенг тарқалган. Унга кўпинча ўта хавфли метанол моддаси қўшилади. 

Мутахассисларнинг баҳолашича, Ҳиндистонда ҳар йили 5 млрд литрга яқин алкогол ичилади, бу миқдордан 40 фоизи ноқонуний ишлаб чиқарилади.

Мавзуга оид