Жаҳон | 12:11 / 24.02.2019
2886
2 дақиқада ўқилади

Молдовада парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото: REUTERS

24 февралда Молдовада парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Маҳаллий вақт билан соат 07:00да республика ҳудудидаги барча 2018 та сайлов участкаси ўз ишини бошлаган.

Аввал парламентнинг 101 депутати партия рўйхатлари бўйича сайланган бўлса, жорий сайловлар илк бор аралаш тизим бўйича ўтказилмоқда. Бунда 50 депутат аввалги схема бўйича, қолган 51 нафари бир мандатли округлар бўйича сайланади. Сайловлар билан бирга депутатлар сонини 61 нафаргача қисқартириш масаласи бўйича маслаҳат қилинади, иккинчи масала эса сайловчилар томонидан депутатнинг ваколати қайтариб олиниши имкониятига тааллуқли бўлади. 

Марказий сайлов кмиссиясида таъкидланишича, сайловлар давомида жамоат тартибини сақлаш учун 4 мингдан кўпроқ полициячи жалб қилинган. 3 мингдан кўпроқ кузатувчи сайловлар боришини кузатади. Улар орасида ЕХҲТ, МДҲ ва Европа Иттифоқи вакиллари бор.

Овоз бериш 21:00да якунланади. Бу сайловлар учун овоз берувчиларнинг зарурий қатнашиш чегараси бекор қилинган. Партияларга парламентга ўтиш учун 6 фоизлик, сайлов блоки учун 8 фоизлик чегарадан ўтиш лозим. Бир мандатли округларда энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб бўлади. Илк бор сайловларнинг дастлабки натижалари сайлов участкалари ёпилгандан бир соат ўтиб эълон қилинади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид