19:01 / 24.02.2019
7634

“ROBO CODERS 2019” республика танлови ғолиблари аниқланди

Бугун, 24 февраль куни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида “ROBO CODERS 2019” республика танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. 

Танлов иштирокчилари учта ёш тоифалари бўйича тақсимланди: 15-20 ёшгача, 21-25 ёшгача ва 26-30 ёшгача. Танловда иштирок этиш учун ягона талаб – автоматлаштирилган машиналар учун кодларни ёзиш қобилияти бўлди. 

4 февралдан бошлаб бутун республикадан танловда 415 нафар ёш дастурчи иштирок этди ва улардан 50 нафари финал босқичига ўтди.  

“Танловнинг якуний босқичи биринчи босқичдан топшириқларнинг мураккаблик даражаси билан фарқланади, - дейди Mirzo Ulugbek Innovation Centre директорининг биринчи ўринбосари Орифжон Файзиев. – Иштирокчиларга мантиқий ҳисоблаш ва алгоритмлардан ташкил топган робототехникага оид топшириқлар берилди. Тизим тўғри жавобларни, алгоритмларнинг ягоналигини ҳамда топшириқлар ечими учун сарфланган вақтни автоматик равишда ҳисоблади. Бу ғолибларни аниқлаш жараёнига инсон фактори таъсирини бартараф этди”.

Ҳар бир иштирокчи берилган топшириғига мувофиқ робототехника (ҳаракатлар, белгиланган функциялар ва ҳ.к.) принципларига асосланган ўзининг дастурий кодини яратди.

Танлов дастури 9 та совринли ўрин ва бир нечта рағбатлантирувчи номинацияларни ўз ичига олди.

Тўрт соатлик узлуксиз дастурлаш бўйича беллашув натижасида тизим ғолибларни аниқлади.

Биринчи ўринларни Саиджалол Ҳасанов (26-30 ёш тоифасида), Сирожиддин Абдукаримов (21-25 ёш тоифасида), Назарбек Болтабаев (16-20 ёш тоифасида) эгаллади.

Иккинчи ўрин Сунатулло Ҳожиев, Муроджон Давронов ва Жамшид Қодировга насиб этди.

Учинчи ўринни Нодирбек Саъдуллаев, Хуршид Жўраев, Асадулло Ғаниев эгаллади.

Энг содда алгоритм рағбатлантирувчи номинациясида Худойшукур Эгамов, Хожамурод Муртозакулов, Исфандиёр Исмоилов ғолиб деб топилди. Юлдошбой Султонов, Ислом Искандаров, Алишер Раззоқбердиев энг моҳир дастурчи номинациясида ютуқни қўлга киритди. 

“Энг ёш дастурчи” деб 17 ёшли Беҳруз Аъзамов топилди. “Дастурчи қизлар” номинациясида Анахон Исмоилова ва Мавлуда Раҳимқулиева ғолиб бўлди.

Барча ғолибларга ноутбук, смартфон каби қимматбаҳо совринлар топширилди.

Мазкур танлов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги кўмагида Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Centre” Инновация маркази дирекцияси ташаббуси билан ташкил этилди.

Танловнинг асосий вазифалари ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, ёшларни ахборот технологиялари соҳасига жалб этиш ва ёшларнинг ишбилармонлик фаолиятини ривожлантиришдан иборат.

Top