Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент давлат тиббиёт университети: хорижий талабалар учун нуфузли танлов
Бугунги глобаллашув шароитида халқаро талабаларга қулай ва сифатли таълим муҳитини яратиш ҳар бир олий таълим муассасасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан Тошкент давлат тиббиёт университети нафақат мамлакатимизда, балки минтақада ҳам хорижий талабалар учун жозибадор ва ишончли таълим маскани сифатида ажралиб туради.
Тошкент давлат тиббиёт университети — Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги йирик ва етакчи тиббий олий таълим муассасаларидан бири. Миллий тиббиёт мактабининг бой анъаналари асосида ташкил этилган университет бугунги кунда юқори малакали шифокорлар тайёрлашнинг замонавий марказига айланган. У классик таълимни инновацион технологиялар билан муваффақиятли бирлаштириб, бутун дунёдан хорижий фуқаролар учун жуда жозибадор бўлмоқда.
Университет бугунги кунда кенг қамровли таълим тизимига эга бўлиб, унда 13 та факултет ва 112 та кафедра фаолият юритмоқда. 15 та бакалавриат таълим йўналишлари, 57 та магистратура ҳамда клиник ординатура мутахассисликлари, 42 та докторантура ихтисосликлари мавжудлиги эса чуқурлаштирилган таълим ва илмий изланишлар учун кенг имкониятлар яратади. Олийгоҳда 33 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олади, шундан 4 300 дан зиёди хорижий талабалар ҳиссасига тўғри келади. Бу эса университетнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада мустаҳкамлайди.

Университетнинг илмий салоҳияти ҳам юқори даражада шаклланган. 2 мингдан ортиқ профессор-ўқитувчилар таркибида юзлаб фан докторлари, профессорлар ва PhD даражасига эга мутахассислар фаолият олиб боради. Бу эса талабалар, айниқса хорижий ёшлар учун сифатли ва замонавий билим олиш имконини беради.
Университетда хорижий талабалар учун қулай ва замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган. Университетда таълим 3 та тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиб, нафақат Ўзбекистонлик, балки бошқа мамлакатлардан келган талабалар учун ҳам жуда қулайдир.

Таълим жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган - 10 дан ортиқ замонавий лабораториялар, 360 дан зиёд клиник базалар ва инновацион ўқитиш усуллари орқали талабалар реал тиббий тажрибага эга бўлиб боради. Сўнгги йилларда университетда ўнлаб янги лабораториялар ташкил этилиб, ўқув бинолари реконструкция қилинди ва университетнинг кампуслар шаклидаги замонавий инфратузилмаси шакллантирилди.

Ҳозирги кунда университетнинг моддий-техник базаси ҳам кенг кўламда ривожланган: университетда минглаб ўқув аудиториялари, замонавий лабораториялар, симуляция марказлари, электрон кутубхоналар ва спорт мажмуалари, юқори тезликдаги Wi-Fi, 900 дан ортиқ компютерлар, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган синфлар мавжуд. Талабалар учун 6000 ўринга мўлжалланган замонавий ётоқхоналар ташкил этилган бўлиб, бу айниқса хорижий талабалар учун катта қулайлик яратади.

Шунингдек, университетда бошқарув ва таълим жараёнлари рақамлаштирилиб, ҳужжатлар айланмаси, масофавий таълим платформалари, электрон кутубхона, электрон журнал, Face ID, Uni TEST, электрон навбат, таълимда сунъий интеллект, виртуал реаллик (VR) ва сунъий реаллик (AR) технологиялари, талаба ва ходимлар маълумотлари, иқтидорли талаба-ёшларни саралаш бўйича “Талабалар портфолиоси” каби электрон платформалари ишга туширилиб, таълим олувчилар учун кенг имкониятларни яратмоқда.

2025/2026 ўқув йили учун 5 мингдан ортиқ талабалар қабул қилингани, университетга бўлган қизиқиш йилдан йилга ортиб бораётганини кўрсатади. Шу билан бирга, ҳар йили минглаб талабалар ушбу даргоҳни муваффақиятли тамомлаб, тиббиёт соҳасида фаолият юритишга киришмоқда.
Университетнинг халқаро майдондаги нуфузи ҳам ошиб бормоқда. Университетнинг 27 та таълим дастурлари Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси (WFME) Евросиё давлатлари тиббиёт муассасаларини аккредитация қилиш маркази (ECAQA) талаблари асосида халқаро аккредитациядан ўтказилган.

Хорижлик талабалар университетдаги сифатли таълим, хавфсизлик, ривожланган инфратузилма ва дўстона муҳитни юқори баҳолашади. Уларнинг фикрича, университет ўқишнинг қулай нархи, сифатли таълим, кенг қамровли клиник амалиёт ва ҳар томонлама эътиборнинг энг яхши уйғунлигини таклиф этади. Университет талабаларга ҳужжатлар топшириш ва виза расмийлаштиришдан тортиб, хорижий талабаларнинг миллий байрамларини нишонлашгача бўлган маданий тадбирларни ўтказиш орқали уларга олийгоҳ шароитига мослашишда ёрдам беради.
Университетнинг хорижий фуқаролар орасидаги нуфузи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Университет Бутунжаҳон тиббий таълим федерацияси (WFME), Ҳиндистон Миллий тиббий комиссияси (NMC) ва бошқа халқаро аккредитацияловчи ташкилотлар томонидан тан олинган бўлиб, дипломнинг глобал эътироф этилишини таъминлайди. Университет дипломига эга битирувчилар нафақат ўз ватанларида, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам муваффақиятли фаолият юритиш имконига эга.

Ҳиндистонлик битирувчиларнинг муваффақияти алоҳида ғурур уйғотади: сўнгги икки йил давомида ҳиндистонлик хорижий битирувчилар имтиҳон жараёнларда юқори балларни қайд этмоқда. Бу натижа университетдаги тайёргарлик даражасининг юқорилигини тасдиқлайди.
Шу сабабли хорижий талабалар орасида университетга ўқишга кириш жараёнида танлов жуда юқори бўлиб, ушбу ўқув йилида 2,500 дан ортиқ чет эл фуқаролари ҳужжат топширди ва уларнинг 500 дан ортиғи суҳбатдан муваффақиятли ўтди ва университетга қабул қилинди.
Яқинда университет муҳим халқаро тадбир майдонига айланди. 2026 йил март ойида Тошкентда соғлиқни сақлаш соҳасида симуляцион ўқитиш бўйича 7-халқаро конференция — SIMULCON 2026 бўлиб ўтди. Тошкент давлат тиббиёт университети, Соғлиқни сақлаш соҳасида симуляция халқаро жамияти ҳамда Ҳиндистон Миллий тиббий комиссияси фаол иштирокида ташкил этилган конференцияда кўплаб хорижий, жумладан, ҳиндистонлик экспертлар ва мутахассислар, талаба-ёшлар иштирок этди. Муҳим жиҳат шундаки, конференцияда Ҳиндистон Миллий тиббий комиссияси (NMC) раиси доктор Абҳижат Чандракант Шетҳ ҳам иштирок этди. Конференция тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб, университетнинг инновацион тиббий таълим соҳасидаги етакчи мавқейини яна бир бор тасдиқлади.

Талабаларнинг фикрлари:
Хорижий талабалар учун яратилган қулай муҳит ва илиқ муносабат уларнинг тез мослашувига ёрдам беради. Буни университетда таҳсил олаётган талабалар фикрларида ҳам кўриш мумкин.
Ришабҳ (Ҳиндистон): “Мен аввал Украинада ўқирдим, аммо уруш сабабли ўқишни кўчиришга мажбур бўлдим. Тошкент давлат тиббиёт университетини танлаш ҳаётимдаги энг тўғри қарорлардан бири бўлди. Бу ерда ўзимни ҳурматда ва қўллаб-қувватланган ҳолда ҳис қиламан. Тошкент — чиройли, тоза ва осойишта шаҳар. Ўқитувчилар жуда тажрибали. Таълим нафақат назарий, балки амалиётга ҳам асосланган. Ўзбекистон менга фақат таълим эмас, балки ўзимни шу ерга тегишли ҳис қилиш имконини берди”.
Салиқ Қадри, 2-курс талабаси: “Мен Тошкент давлат тиббиёт университетини танладим ва ҳеч қачон афсусланмадим. Бу ерда ажойиб симуляция марказлари, клиникаларда реал амалиёт ва жуда эътиборли ўқитувчилар бор”.
Моҳаммад Ҳамдани, 4-курс талабаси: “Яшаш шароитлари ажойиб — тоза ётоқхоналар, ҳинд таомлари ва тўлиқ хавфсизлик. Таълим сифати эса энг юқори даражада: университет битирувчилари имтиҳонларни юқори баллар билан топширишади. Бу янада яхши ўқишга ундайди”.
Салони, 3-курс талабаси: “Мен ТошДавТУни инглиз тилида таълим ва ҳиндистонлик талабалар орасидаги яхши обрўси учун танладим. Ўқитувчилар индивидуал ёрдам беришади, кампус эса энг сўнгги техника билан жиҳозланган. Доктор Абҳижат Шетҳ иштирокидаги SIMULCON конференцияси университетимизни халқаро миқёсда қанчалик юқори баҳолашини кўрсатди”.
Канишк Парих Тапасви, 5-курс талабаси: “Ўқишимни ТошДавТУга кўчириш энг тўғри қарор бўлди. Бу ерда ёрдам ва маданий тадбирлар туфайли ўзимни уйдагидек ҳис қиламан. Таълим жуда сифатли — биз чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўламиз, бу имтиҳонларда ёрдам беради. Ҳиндистондан келган битирувчиларнинг юқори натижалари бежиз эмас!”
Хулоса қилиб айтганда, замонавий инфратузилма, кучли илмий салоҳият, халқаро очиқлик ва инсоний қадриятлар уйғунлиги Тошкент давлат тиббиёт университетини хорижий талабалар учун ҳақиқий қулай ва ишончли таълим масканига айлантирмоқда.
Реклама ҳуқуқи асосида
Мавзуга оид
19:00
Мундиалга йўл: Ўзбекистонда Kia x FIFA 2026™ мижозлар ўртасидаги танлов ғолиблари аниқланди
15:27 / 10.11.2025
ТошДТУда умумий тиббиёт факултети очилади, оилавий шифокорлик кучайтирилади
17:45 / 20.10.2025
Ҳокимнинг маънавият ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади
17:59 / 16.09.2025