Спорт | 09:46 / 25.02.2019
9316
2 дақиқада ўқилади

Кепа Саррининг талабини рад этиб, захирага ўтиришдан бош тортганига изоҳ берди

«Челси» дарвозабони Кепа Аррисабалага «Манчестер Сити»га қарши кечган Англия Лига кубоги финали охиридаги вазият юзасидан тушунтириш берди.

«Уэмбли»даги ўйиннинг қўшимча бўлимлари сўнгида Кепа дарвозани жамоадоши Вилли Кабальерога бўшатиб беришдан бош тортган эди. Бош мураббий Маурицио Сарри бу талаби қондирилмагач, ғазаб билан захира ўриндиғини тарк этганди. Кўп ўтмай, Сарри ўрнига қайтди ва «Челси» пенальтилар сериясида мағлуб бўлди.

«Мен ҳеч қанақасига мураббийнинг гапини икки қилиш ниятим йўқ эди. Биз шунчаки бир-биримизни тушунмай қолдик. Мен майдонни тарк этишдан бош тортганим йўқ. Мураббийларга мен ўзимни яхши ҳис этаётганимни айтдим.

Тушуниб турибман, энди телевидениеда ва ижтимоий тармоқларда бу вазиятни муҳокама қилишади. Лекин мен мураббийга қарши ҳаракат қилмоқчи эмасдим», – деган Кепадан иқтибос келтирмоқда Associated Press.

 

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид